Ҳатто, ўз фанидан оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор экан – Бахтиёр Саидов
Жамият
−
29 Ноябрь 2021
30883Бугун, 29 ноябрь куни Ўзбекистон Халқ таълимининг янги вазири Бахтиёр Саидов вилоятларга қилган сафарларидан олган таассуротлари билан бўлишди. Хусусан, у айрим ўқитувчилар билан суҳбатлашгани, уларнинг орасида “ҳатто, ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар”га дуч келганини таъкидлади.
“Ўтган ҳафтада вазирлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда 3 та вилоятда бўлдик. Мактабларнинг шароитларини ўргандик. Тўғриси, аҳвол қониқарли эмас. Афсуски, мактабларимизда таълим сифатини яхшилаш учун жуда катта ва кўп ишлар қилишимиз керак”, дейди вазир.
Шунингдек, Бахтиёр Саидов бугунги кунда ҳудуд раҳбаридан ўз вилоят ва туманидаги барча мактаблар шароитини билиши талаб этилишини қайд этган.
“Давлатимиз Раҳбари таълим тизими, фарзандларимизнинг келажаги ҳақида жуда куюняптилар ва энг олий вазифамиз, деб белгилаяптилар. Шу боис, керак бўлса ҳар бир ҳудуд раҳбаридан бугун ўз вилоят ва туманидаги барча мактаблар шароитини билиш талаб этилади”, дейди у.
Халқ таълими вазири жойларда фан ўқитувчиларининг билим ва савиясини ошириш кераклигини алоҳида қайд этиб, уларнинг баъзилари, ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмаслигини тилга олган.
“Жойларда фан ўқитувчиларининг билим ва савиясини оширишимиз керак. Айрим ўқитувчилар билан суҳбатлашдим, афсуски, ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор экан.
Ўз навбатида, жаноб вазир ўзи шахсан юзланган муаммога ечим ҳам таклиф қилди.
“Хўш, нима қилиш керак? Вилоятда, туманда, мактабда ҳатто бир нафар яхши педагог бўлса ҳам фойдаланиб, керак бўлса уни қолган ҳамкасбларига маҳорат дарси ўтказишга жалб этган ҳолда мактабларда таълим сифатини оширишимиз керак. Синфда 20 нафар боладан 18 нафари фанни зўр билса, демак бу ўша фан ўқитувчисининг ютуғи, демак у ўқувчиларини ўз фанига қизиқтира олган. Агар шу синф ўқувчиларидан 1-2 нафаригина фандан билими кучли бўлса, демак у иқтидорли ўқувчи ёхуд ота-онаси репетиторга берган, ўқитувчи эса дарс вақтида ўз фанини етказиб бера олмаётганидан далолат”, дейди у.
Шунингдек, Саидов ўқитувчининг қўлида инсон тақдири ётганини урғулаган.
“Тўғри, мактабда шароит йўқ дерсиз, лекин ўқитувчи ўша ерда вақтини кетказиб ўтирибди-ку, жонкуярлик бўлмаса нима қилади бу касбни танлаб?! Унинг қўлида инсон тақдири ётибди! Мактабларда шароит, инфратузилма яхшиланишини кутсак, болаларни йўқотамиз.
Менга келган мурожаатлардан кўриниб турибдики, жойлардаги айрим мактабларда муҳит яхши эмас. Мазкур мактаблардаги муҳитни яхшилашга ҳатто ҳудуд халқ таълими раҳбарининг ҳам кучи етмаяпти.
Ўқитувчилар ўз мурожаатларида мени мактабларига бориб, шароитни ўрганишга таклиф қилган. Қани эди, ҳамма мактабларга бирданига боришга имконим бўлса ҳар бирининг ҳолатини ўрганиб, шахсан назоратга олардим. Бунга вақт керак, лекин албатта ҳаммасига борамиз. Бу йўналишда ҳудудий раҳбарлар билан тизимли иш ташкил қилишга келишиб олдик. Ҳудуд раҳбарларининг масъулиятини ва ваколатини янада оширамиз”, дейди Саидов.
LiveБарчаси