Ҳасановнинг Тожикистондаги “парвози”. “Сўғдиёна” “Хўжанд”ни йирик ҳисобда мағлуб этди

Спорт 3438
image

Бугун, 17 август куни футбол бўйича ОФК кубоги Марказий минтақа финалидан ўрин олган “Хўжанд” (Тожикистон) – “Сўғдиёна” (Жиззах) учрашуви бўлиб ўтди ва унда жиззахликлар йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 13-дақиқасида “Сўғдиёна”нинг тажрибали ярим ҳимоячиси Жасур Ҳасанов чап қанотдан ажойиб рейд амалга оширди ва иккита ҳимоячини ортда қолдириб, ҳисобни очди. Ҳасанов бу билан тўхтаб қолмади ва у 21-дақиқада яна ўша ўзининг чап қанотидан тезликда ҳимоячилардан қочиб кетиб, гол урди. Ҳисоб ишончли кўринишга келган бўлса-да, “кўк бўрилар” бу билан тўхташни истамади. Натижада, баҳснинг 29-дақиқасига келиб, Виталий Денисов томонидан оширилган чиройли узатмани Шоҳруз Норхонов тожикистонликлар дарвозасига жойлаб қўйди.

Биринчи бўлимни 3:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган жиззахликлар иккинчи таймда рақибга нисбатан босимни бироз камайтиргани сезилди. Учрашувнинг 79-дақиқасида  Жавоҳир Қаҳрамонов ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди, 4:0. Шу тариқа, “Суғдиёна” ОФК кубогининг кейинги босқичига йўл олди. 

"Хўжанд" — "Сўғдиёна" 0:4

"Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллиги" стадиони. Хўжанд. 

Ҳакамлар: Ким Хи Гон, Квак Син Сун, Кан Дон Хо (учаласи ҳам — Жанубий Корея).

Голлар: 0:1 Жасур Ҳасанов (13 дақиқа), 0:2 Жасур Ҳасанов (21), 0:3  Шоҳруз Норхонов (29), 0 :4 Жавоҳир Қаҳрамонов (79). 

"Хўжанд": 50. Шоҳруҳ Қирғизбоев, 5. Фирдавс Абдусалимов, 7. Элчибек Рашидбеков, 8. Эҳсон Бобоев, 18. Далер Ёдгоров, 19. Сергей Гаранза, 20. Самандар Очилов, 21. Фирдавс Чакалов, 62. Жаҳонгир Эргашев, 73. Алишер Баротов, 97. Сергей Цканьян.

"Сўғдиёна": 27. Милан Митрович, 2. Сардор Қулматов, 6. Искандар Шойқулов, 10. Шоҳруз Норхонов, 11. Жасур Ҳасанов, 12. Хислат Халилов, 19. Жавоҳир Қаҳрамонов, 26. Виталий Денисов, 31. Лука Чермел, 77. Даниел Насриддинов, 93. Марко Колакович.

Маълумот учун, “Сўғдиёна” ОФК кубогининг ҳудудлараро ярим финал босқичида Ҳонг Конгнинг “Истерн” жамоасини қабул қилади. Мазкур баҳс жорий йилнинг 6 сентябрь куни Жиззах шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3.2
t
×