Ҳарбийлар ва ИИО ходимларининг фарзандига берилган имтиёз умумий квотани камайтирадими?

Жамият 3271
image

Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбийларнинг фарзандларига берилаётган имтиёзлар, қолган абитуриентларга ажратилган квотага таъсир қилмайди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бугун, 31 июль Халқаро пресс-клубнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ва янги 2021-2022 ўқув йили мавзусига бағишланган сессиясида таъкидлаб ўтди.

Сессияда Тошқулов ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбийларнинг фарзандлари учун берилаётган имтиёзлар баъзи абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарида хавотир ва норозилик уйғотаётганига алоҳида тўхталган.

"Бундай талқинларнинг орқасида маълумотга эга эмаслик туради. Аҳоли орасида ҳарбийларнинг фарзандлари имтиёз билан умумий квота орасида турибди ёки нега уларга алоҳида, деган саволлар бор. Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбийларнинг фарзандлари учун олий таълим муассасаларида алоҳида квота ажратилган ва кириш имтиҳонларида улар ҳам ажратилган квота ичида ўзаро рақобатлашади", дейди вазир.

Шунингдек, сессияда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Тошқулов  Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбийларнинг фарзандларига берилаётган имтиёзлар ўринли эканлигини айтиб, бунинг сабабларини тушунтирган.

Вазир аввало, бу имтиёзларни ҳарбийларнинг кўчиб юриши сабабли, фарзандларини таълим олишида узилишлар бўлиши билан боғлади.

"Ҳарбийлар ҳаётини хавф остига қўйиб турганда, уларнинг фарзандларига берилган имтиёзларга салбий қараш тўғри эмас", дейди Абдуқодир Тошқулов.

Дурдона Пирназарова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 78
Рейтинг: 3
t
×