Ҳар бир туғилган чақалоққа катта бўлгунигача долларда пул тўлаш режалаштириляпти
Олам
−
15 Февраль 2023
27124Қозоғистонда бола туғилиши билан унга банк ҳисоб рақами очилиб, у 18 киргунича ҳисоб рақамига давлат табиий ресурслари даромадларидан пул ўтказиб турилади. Бу Қозоғистон Молия вазирлигининг 2024 йилдан бошлаб мамлакатда ишга тушириш режа қилинган “Болалар миллий жамғармаси” лойиҳаси тафсилотларида назарда тутилган. Бу ҳақда мамлакат Молия вазири ўринбосари Даурен Темирбеков хабар берди.
Лойиҳага кўра, ҳар бир Қозоғистон фуқаросига туғилганида автоматик равишда долларда омонат ҳисоби очилади. Ҳар йили 1 январь куни ушбу ҳисоб рақами давлат табиий ресурсларни қазиб олишдан олинган маблағлар ҳисобидан тўлдирилади.
Ҳисоб-китобларда келтирилишича, фуқаро вояга етгунга қадар унинг ҳисоб рақамидаги пуллар 3,5 минг долларга етади.
Ҳисобдаги пул маблағларини фақат вояга етганидан кейин ишлатиш мумкин бўлади. Шунингдек,ушбу маблағлар солиқдан озод қилинади. Ҳисобдан тўловлар фақат мақсадли эҳтиёжлар, таълим ёки уй-жой сотиб олиш учун амалга оширилади.
Шу билан бирга, хорижий таълим муассасасида ўқиш тўловини амалга ошириш учун маблағлардан фойдаланишни чекламаслик кўзда тутилган. Ўз навбатида, жамғарилган маблағдан фақат Қозоғистон ҳудудида уй-жой харид қилиш мумкин бўлади.
Фуқаро вояга етганидан кейин маблағлар ҳисоб рақамда 5-10 йил давомида сақланади. Агарда ундан фойдаланилмаса, пенсия ҳисобига ўтказиб юборилади. Шунингдек, маблағларни мерос қилиб қолдириш ҳам мумкин бўлади.
Маълумот учун, агарда бола 18 ёшга тўлгунига қадар бошқа давлатга кўчиб кетса ва фуқаролигини ўзгартиса, ушбу маблағлар тўланишидан маҳрум бўлади. Бу фуқаролигини сақлаган ҳолда бошқа давлатларга кўчиб кетадиганларга тегишли эмас.
LiveБарчаси