Ҳар бир мутасадди вазиятга ота-она кўзи билан қараши керак – Алишер Шодмонов

Жамият 2986
image

Айни кунларда Ўзбекистондамактабларда янги ўқув йилини бошлаш масаласи энг муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди. Мактабларда эса ўқув йили бошлангунча ҳал этилиши зарур бўлган ишлар бор.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мавжуд вазиятда, энг аввало, мактабларнинг зарур талабларга жавоб бериши ўта муҳим эканлигини таъкидламоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, бу вазиятда қуйидаги омилларни ҳисобга олиш ва уларни ўқув йили бошлангунга қадар бартараф этиш зарур:

•    таълим муассасаларининг баъзилари ичимлик суви билан таъминланмаганлиги;

•    мактаб ошхоналари ҳамда ҳожатхоналарининг санитария-гигиена талабларига тўлиқ  жавоб бермаслиги;

•    мактаб хамда мактабгача таълим ташкилотларида хизмат қиладиган ходимларнинг ва ота-оналарнинг хизматдан ташқари вақтларида турли жамоат жойлари (бозор, магазин, автобус, қариндошлар, қўшнилар)да бўлишлари;

•    ушбу ёшдаги болаларни кун давомида мактаб ҳудудида  ижтимоий масофани сақлай олишини таъминлаш;

•    болаларда коронавирус кўп ҳолатларда енгил ёки клиник белгиларсиз (симптомларсиз) кечса ҳам, улар ушбу вируснинг асосий тарқатувчиларидан бири бўлишлари  ва улар ўз оилаларидаги катталарга, айниқса, хавф остидаги гуруҳлардаги қариндошларига юқтириши ва ахоли ўртасида касалликни купайишига олиб келиши мумкинлигини эътиборга олиш керак.

“Коронавирус болаларда енгил ўтиши бу эҳтиёткорликни унутиш дегани эмас. Чунки бир қатор мамлакатлардаги ҳолат бунинг аксини кўрсатмоқда. Ҳар биримизнинг фарзандларимиз, набираларимиз бор. Болалар соғлиғи ҳақида гап кетганда, уларнинг ўрнига ўз боламизни қўйиб кўрайлик. Шунинг учун мактабларга бириктирилган 10 минг нафарга яқин тиббиёт ходимларидан, педагоглардан, маҳаллий ҳокимият вакилларидан вазиятга ота ёки она кўзи билан қарашларини сўрардим”, деб таъкидлади Алишер Шодмонов.

Вазирлик янги ўқув йили олдидан барча ота-оналар ва педагоглар бу жараёнга масъулият билан ёндашишларини сўраган.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда “COVID-19”га чалинган жами 41 994 нафар бемордан қарийб  тўрт минг нафарига яқинини болалар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичнинг аксарият қисми  мамлакатда карантин эълон қилинган ҳамда халқ таълими муассасалари фаолият юритмаган даврга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, умумий ўрта таълим мактабларида 2020-2021 ўқув йили 14 сентябрдан бошланади. Таълим икки хил: анъанавий ва масофавий шаклда олиб борилади. Ота-оналар фарзандини мактабга юбориш ёки юбормасликни ўзи ҳал қилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 55
Рейтинг: 3.1
t
×