Ҳар 11 дақиқада бир ўсмир ўз жонига қасд қилмоқда - Гутерриш
Саломатлик
−
08 Январь 2022
7681Коронавирус (COVID-19) туфайли жорий қилинган пандемия болалар, ўсмирлар ва уларнинг оила аъзолари руҳий саломатлигига салбий таъсир қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш ўзининг Twitter’даги саҳифасида эълон қилган.
Гуттериш жаҳон мамлакатларини соғлиқни сақлаш соҳасидаги инвестиция миқдорини ошириб, руҳий муаммоларни бошидан кечираётган аҳолини психолог маслаҳатини олишда тортинмасликка чақирган.
“Психологик саломатликсиз жисмоний саломатликка эришиб бўлмайди”, дея билдирган, БМТ Бош котиби.
Халқаро болалар жамғармаси UNICEF’нинг ҳисоботига кўра, дунё бўйича 10-19 ёшдаги 89 миллион ўғил ва 77 миллион ўсмир қизболалар руҳий касалликлардан азият чекмоқда. Вазият COVID -19 пандемиясининг таъсири остида янада оғирлашиб бораётани қайд этилган.
UNICEF’нинг “2021 йилда Жаҳон болаларининг ҳолати” номли баёнотида қайд этилишича, дунё бўйлаб руҳий муаммолардан азият чекаётган болаларнинг асосий қисми Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Шимолий Америка ва Ғарбий Европа ҳудудларига тўғри келади.
Қайд этилишича, ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 45,8 минг ёки ҳар 11 дақиқада бир нафар ўсмир руҳий тушкунлик сабабли ўз жонига қасд қилмоқда. Бу 10-19 ёшли ўсмирлар ўртасида ўлим сони бўйича, йўл-транспорт ҳодисалари, сил касаллиги ва шахслараро зўравонликлар дан кейин бешинчи ўринни эгаллайди.
UNICEF’га кўра, ўсмирлар руҳий саломатлиги учун хавф ва ҳимоя омилларини учта таъсир соҳасига гуруҳлаш мумкин.
Энг аввало, бола учун уй шароитидаги муҳит яхшиланиб, ота-онанинг ғамхўрлиги ошиши;
болага боғча-мактабда хавфсиз ва соғлом муҳитни яратиш;
ва энг муҳими болани қашшоқлик, можаролар исканжаси, шахсини камситиш ва дискриминация каби салбий ташқи омиллардан асраш керак.
Таъкидланишича, руҳий ва олавий муаммолар авж олганда, бола руҳиятида жиддий ўзгаришлар содир бўлмасидан аввал психолог маслахатидан фойдаланиш вазиятга энг тўғри ечим бўла олади.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси