Ҳамон йўқолмаган “самоцензура” ёхуд ўзбекистонликлар “Толибон” ҳақида фикр билдиришга қўрқадими?
Жамият
−
04 Октябрь 2021
12700Сўз эркинлиги деб аталмиш тушунчанинг ўзбек жамиятида кенг ёйилганига 5 йилдан ошди. Бу вақт давомида кўплаб интернет-нашрлар пайдо бўлди, борлари эса янада ривожланди. Эркин, мустақил деган тушунчалар нисбий бўлса-да, ОАВ, журналистлар ва блогерлар билан ёнма-ён учрайдиган сўзларга айланди. Цензуранинг таъсири камайиши билан журналистларда “самоцензура”, яъни ўз-ўзини назорат қилиш, чеклаш, тийиш даражаси ҳам бироз пасайди.
Иккинчи томон – оддий аҳоли вакилларига келсак, улар орасида “жим, сиёсатга аралашма” тусидаги ёндашув ҳамон учраб туради. Кескин мавзулар борасида фикр билдиришга нисбатан қўрқув сақланиб қолаётгандек. Бунга баъзи ҳолатларда етарли даражада ахборотга эга бўлмаганлик ҳам сабаб бўлмоқда. Жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар муҳокамасида иштирок этмаслик, одамларда маълум бир қараш ёки мустақил фикр мавжуд эмаслигини англатмайди. Кўпчилик бирон мавзуда кескин ва танқидий фикр билдириши, бироқ буни камера қаршисида ёки диктофон олдида айтишга ўзида жасорат топа олмаслиги мумкин. Масалан, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “Толибон” ҳақидаги хабар ва видеолавҳалар тагига минглаб одамлар турли хил изоҳларни ёзиб қолдиради. Бироқ, айнан шу мавзуда камера қаршисида ёки қўнғироқ қилиб сўралганда, кўпчилик “фикр билдиришга қийналаман”, дея “комфорт зона”сида қолишни маъқул кўради.
“Central Asia Baromoter” мустақил нотижорат институти томонидан ўтказилган ижтимоий сўровнома натижалари ҳам юқоридаги фикрларга асос бўла олади. Ушбу нотижорат ташкилот ўзбекистонликларга алоқага чиқиб, сўровнома ўтказган.
Масалан, сўровномада кўрсатилган “Ўзбекистон “Толибон”ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олиши керакми ёки йўқ?”, деган саволга 47 фоиз респондент жавоб беришдан бош тортган. Ваҳоланки, “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан хабарингиз борми?” деган саволга ушбу сўровнома иштирокчиларининг 60 фоизи маълумотга эга эканини таъкидлаган. Қайд этиш керакки, иштирокчиларнинг 28 фоизи ушбу саволга “йўқ, тан олмаслиги керак”, 14 фоизи “тан олиши керак”, деган жавоб қайтарган.
800 кишидан ортиқ респондентнинг фикрлари қўнғироқ қилиш орқали ўрганилган ушбу ижтимоий сўровномада кейинги савол қуйидагича эди:
“Сизнингча, Афғонистондан Ўзбекистонга келадиган қочқинлар оқими қандай бўлади?”
Ушбу саволга ҳам 40 фоиз респондент жавоб беришдан бош тортган. “Толибларнинг ҳокимиятга келиши минтақада кескинликни оширадими?”, деган саволга ҳам 40 фоиз ўзбекистонлик жавоб беришни рад этган. Кўриниб турибдики, ижтимоий тармоқлардаги турли мунозаларда яширин ва ёпиқ аккуантлар ортида эркин фикр билдирган, исталган жараён юзасидан танқидий қарашларини ифодалаганлар шахсий уяли телефонига қўнғироқ қилиб сўралганда, жавоб бермасликни афзал кўрган.
Бироқ, худди шундай тенденция қозоғистонликлар орасида ҳам кузатилган. Юқоридаги саволларга қўшни республика вакилларининг катта қисми жавоб беришни истамаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь