Халқ тажриба қуёнчасими ёхуд ўйламай чиқарилган қарорлар жабрини қачонгача чекамиз?

Таҳлил

image

Хабарингиз бор, кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда хонадонларга ўрнатилаётган янги электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларда норозиликларни келтириб чиқараётгани, ўрнатилаётган янги ҳисоблагичлар аввалгиларига қараганда 2,5 баравар кўп электр энергиясини сарфлаётгани муҳокама қилинмоқда.

Албатта, ҳар қандай муҳокаманинг таг-замирида ҳақиқат ётишининг етарли асослари бор. Халқ билмасдан ёзмайди, шикоят қилмайди. 

Афсуски, айрим мутасадди ташкилотларимизнинг янги қоидалар ва бошқалар борасида “қовун туширишлари” кейинги йилларда оддий ҳолга айланди. 

Кузатув камералари ва йўл чизиқлари

Эсингизда бўлса, пойтахтнинг марказий кўчаларига бундан 2-3 йил олдин автотранспортларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кузатув камералари ўрнатилган эди. Бироқ бу камера деганларининг ишлаши ҳам бошида кўнгилдагидек кечмади. Сабаби қоидани бузган ҳам, бузмаган ҳам камераларнинг “шарофати” билан жарима тўлашга мажбур бўлди. Кўринар-кўринмас йўл чизиқларини-ку гапирмаса ҳам бўлади. Бу кўз илғамас чизиқларни асл ҳолига келтирмай туриб, камера ўрнатдик. Ҳайдовчиларнинг кўпчилиги азият чекди. Энди янги бир қоида эканда деб, индамай қўяқолдик. “Иш бор жойда, камчилик бор” деган нақлга ўхшаш бир нарса жонларига оро кирди.

Лекин халқаро стандартлар, замонавий бир нарсаларни ўзлаштириш, давом этяпти. Нима бўлса, бўлсин, халққа жабрми-йўқми, давлат ғазнасига пулни киргизиш керак. Буёғи мени қизиқтирмайди дейишади. Янгидан-янги жарималарни ўйлаб топаётганларнинг даромадини билмадиму бироқ, оддий халқнинг олаётган маоши яхши яшашга етмайди. Бу янги методларни қўллаш учун ҳар бир оила камида Бирлашган Араб Амирликларида яшаётган одамлардек, ойлик маош олиш керак.

Узоққа бормаган қоида

Бундан 3 ой бурун жорий этилган яна бир “кашфиёт” татбиқ этилдию кўпга бормади. Эмишки, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автомобилларнинг олд чироқларини кундуз кунлариям ёқиб юриш шарт. Бу содир бўлиши мумкин бўлган автоҳалокатларни фалон фоизга камайтирармиш. Европа ва бошқа давлатларда ушбу амалиёт аллақачон ўзини оқлаганмиш. Бу балки ҳақиқатдир, Бироқ бизда туманли об-ҳаво шароити ҳар доим ҳам кузатилмайди. Йилда нари борса 4-5 кунга боради. Бир йилда эса 365 кун демакдир. Ўзбекистон шароитида баҳор ва ёзнинг нисбатан иссиқ бўлиши, айниқса, ёзги жазирамада машина фараларини ёқиб юришнинг оқибатини шу ёзнинг бошида гувоҳи бўлдик. Фараларни ёқиб юриш қоидаси жорий этилгач, одамларнинг тирикчилигига яраб келган аксар машиналар ёниб кетди. Фарасини ёқиб юрмаганларнинг кўпчилиги жаримага тортилди. Албатта бу юк сизу биз бир бўлаги бўлган ўша халқнинг қора қозонига, рўзғорига тушди.

Ижтимоий тармоқлар бу сафар ҳам ёрдамга келди. Кўп ўтмай қоидани маълум муддатга бекор қилишга эришдик. 

“Маънан” эскирган ҳисоблагичлар ва икки ўртадаги “сулҳ”

Яна бир жиҳатга эътибор қаратамиз. Эсингизда бўлса, собиқ Иттифоқ даврида ҳар бир ташкилотда, хонадонда электр энергиясини ҳисоблагичлар (счётчик) бўларди. Бу ҳисоблагичлар узоқ йиллар одамларга хизмат қилди. Ҳар жабҳада бўлган ўзгаришлар ҳисоблагичларга ҳам етиб келганига анча бўлди. Чунки, Иттифоқ давридаги ҳисоблагичлар “маънан” эскириб кетди. Қолаверса, бу электр деганлариям “дефицит”га айланиб қолди.

Ҳисоблагичларнинг йилдан-йилга тури кўпайиб кетди. Биринчисини олган харидор 2-3 йил ўтмасдан стандарт ва бошқа баҳоналар сабаб, иккинчисини, учинчисини, пластик билан ишлайдиганини ва ҳоказоларни сотиб олишга ўтди. 

Хитойники, Россияники, Ўзбекистонники деб, одамларга счётчикларни ўтказиш ва бу орқали давлатнинг юқори лавозимида ўтирган қайсидир амалдор билан “сулҳ” тузган олиб-сотарнинг чўнтагини қаппайтириш “сиёсати” газ ва сув ҳисоблагичлар билан ҳам кузатилди ва жараён давом этмоқда.

Хўш, нима учун биринчи ёки иккинчи ҳисоблагични мажбуран қўйдик, буниси энди ортиқча дейишингизга гап топиб беришди. “Ока, бу анақа, янги стандарт бўйича чиқарилганде, аввалгисида униси, буниси....” Мажбурлаб барибир ўтказишди. Камига “Гостандарт” деган ташкилот рўкач қилинди. Уйингизга фойдаланилган энергиянинг пулини олгани келган назоратчилар счётчикни алиштирмасангиз, фалон сўм штраф деб кўзини “лўқ” қилишдан тоймайди. 

Ўтган йили бир неча йиллик танаффусдан кейин автомобилларнинг ойнасини қорайтиришга рухсат тегди. Фақат шарти 20 миллион сўм тўлаб қўясиз ва “тонировка” бўйича масалангиз ҳал-да. Жамиятдаги мавқеингиз, ижтимоий келиб чиқишингиз, боринг ана ота-онангизнинг кимлиги ва қайси маҳалладанлигингизни айнан шу автомобилингизнинг орқа ойнаси айтиб тургандек. 

“Тонировка” ва монополия

Улови борларнинг маълум бир қисми 20 миллион сўмни талашиб-тортишмасдан санаб беришди. Аслида тортишишнинг иложи ҳам йўқ. Ўзбекистоннинг йилдан-йилга кўтарилиб бораётган жазирамасида тонировкасиз машинада юриш қийин бўлиб қолди. Лекин бу йил ўтган йил трендга чиққан “тонировка” масаласи яна кўтарилди ва бу сафар 2 миллион сўм тўлаш эвазига рухсат беришди. 

Шу ерга келганда, ҳар қандай одамга ҳам оғир ботадигани биргина ўзгартириш билан “тонировка” учун нархни 90 фоизга арзонлаштиришди. Буни 2018 йилдаги қарордаёқ белгилашганда эди, одамларнинг норозилиги ҳам, яна бир қарор чиқаришга зарурат ҳам бўлмасди.

Ўзгартириш киритилди. Шу йилнинг 1 январь кунидан ушбу қарор қабул қилинган кунгача автомобиль ойналарининг тусини ўзгартиришга рухсат олганларга нисбатан қандай йўл тутилади? Вазирлар Маҳкамасининг Қарори 1 январдан мазкур қарор қабул қилинган кунгача олинган рухсатлар муддати янги тўлов ставкаларига мувофиқ узайтирилади. Масалан, фуқаро январь ойида рухсат учун 18 миллион 245 минг 700 сўм тўлаган бўлса, бугунга келиб, 7 миллион 602 минг 375 сўм қолган бўлади. Февраль ойида тўлов ўтказганларда эса 9 миллион 122 минг 850 сўм ва 49 ой муддат қолган бўлади.

Ўзи умуман олганда, бу йўл ҳаракати ва бошқа бир қатор омилларни ҳисобга олиб, тақиқланган “тонировка”ни йиллар ўтиб, жорий этиш ва энг асосийси уни пуллик қилиш шу халқни ўйлаб қилинганмикан? 


Модомики, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига кўра, Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи экан, Ҳар қандай давлат ташкилоти аввало, бажараётган ҳар бири вазифасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон халқининг манфаатларини ҳисобга олиши шарт. Ёдингизда бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан  автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳуқуқини “Аvtotest Report” МЧЖга тақдим қилган эди. Яъни бу билан давлатнинг Ижро этувчи ҳокимияти монополияга очиқ-ойдин йўл очиб берганди. Тағин ижтимоий тармоқлар ёрдамга келди ва “Аvtotest Report” МЧЖнинг монополияси “ўз хохишига” биноан бекор қилинди.

Умуман олганда, монополиялару турли стандарт ва қоидаларни жорий этаётганларга Ўзбекистондаги шароитни Дубаю Венесуэла билан тенглаштиришни хуш кўрадиган Молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда аҳолининг ўртача яшаш шароити ва ойлик маошларининг ҳақоний ҳисоб-китобларини тақдим қилса, монополчилар ва “стандартчи”лардан безиган халқ бир оз тин  олармиди?

Ҳар тўкисда бир айб

Президент 2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Сенати аъзоларига қилган мурожаатида йўл-патруль хизмати ходимлари тўлиқ боди-камералар билан таъминланиши, бунга мамлакатда тўлалигича имконият борлигини айтганди. Орадан вақт ўтди, Ҳукумат қарор чиқарди. Аммо 2019 йилнинг августида юрибмиз ҳамки, боди-камерага эга бирон-бир ЙПХ ходимини кўрганимиз йўқ. Бунга асослари бор: Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ташаббуси билан 1 июлдан кучга кириши керак бўлган қарорни яна ўзгартирилди. Яъниким, айтиш ва қайтишда устаси фаранглар яна қарор чиқарди. Ўртада халқ сарсон. Энди 2020 йил 1 январдан ЙПХ ходимларида боди-камера бўлиши керак. Агар бу ҳам чўзилиб кетмаса. Шундагина йўлларда турли баҳоналар билан ҳайдовчиларга исталган “статья” ёки жаримани қўллайдиган ЙПХ ходимлари сони кескин камайиши кутилмоқда. 

Президент “Қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши лозим,” деган эди. Аммо Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқаралаётган қарорларда халқнинг иштироки сезилмаяпти. Қарорлар киши кўзига Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштириладию бироқ ҳали қарорлар уларга келиб тушаётган фикр ва таклифлар, мулоҳаза ва эътирозлар асосида ўзгаргани, қабул қилинмаганини кўрмадик. 

Ҳурматли мутасаддилар, халқаро тажрибани ўзлаштиришдан олдин халқнинг фикрини ҳам ўрганинг, Европада ҳамма нарса мукаммал эмас, қолаверса, “ҳар тўкисда бир айб” деганларидек, ўзимизникини инкор қилиб, ўзгалардан андоза олишни камайтирайлик. Узоқ йиллардан бери ана яхши бўлади, мана яхши бўлади дея кутишдан чарчаган халқ тажрибалар ва стандартлар туфайли яна жабр кўрмасин.

Акбаржон Абдураимов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

490

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг