Ҳали эрта – “Cotton Campaign“ ўзбек пахтасига нисбатан халқаро бойкотни олиб ташлашни рад этди
Жамият
−
17 Апрель 2020
5378Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов “Cotton Campaign“ халқаро коалициясига коронавирус келтириб чиқарган инқироз сабаб ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига қўйилган бойкотни олиб ташлашни сўраб мактуб йўллаган эди. Кеча, 16 апрель куни халқаро коалицияси ушбу мактубга жавобини билдирди.
Таъкидланишича, “Cotton Campaign" вазир Ҳусановнинг ўзбек пахтасига бўлган бойкотни тугатиш, ислоҳотларнинг янги босқичига ўтиш, ва Ўзбекистон аҳолисини иш билан таъминлаш имкониятларини илгари суриш бўйича коалиция билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини олқишлайди. Лекин, бойкот масаласини кўриб чиқиш учун ҳали эрта эканлиги айтилмоқда.
"Масала бойкотни тугатишда эмас, балки уни қачон ва қандай йўл билан тугатишда. Авваламбор, бойкотни тугатиш, ислоҳ қилинаётган Ўзбекистонда меҳнат ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватловчи масъулиятли манбалар ва сармоялар учун катализаторга айланиши мумкин", дейди "Cotton Campaign" асосчиси Беннет Фриман.
Коалициянинг маълум қилишича, кенг ислоҳотларга қарамасдан, 2019 йилда 100 мингдан ортиқ одам пахта теримида ишлашга мажбур бўлган. Ушбу соҳадаги тизим мажбурий меҳнат хавфини яратишда давом этиши мумкин. Айнан шу омиллар брендлар учун Ўзбекистонда янги шартномаларни бошлаш учун жиддий тўсиқлар яратмоқда.
"Биз Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида эришган ютуқларини тан оламиз ва бундан хурсандмиз. Бироқ, Халқаро меҳнат ташкилотининг 2019 йилда 100 мингдан ортиқ одам пахта теримида мажбурий меҳнат шароитида ишлагани ҳақидаги маълумотларга кўра, брендлар ишчиларни ҳимоя қилиш учун қўшимча кафолатларга муҳтож", дейди Америка кийим ва пояфзаллар ассоциациясининг катта вице-президенти Нейт Херман.
"Cotton Campaign" йўл харитасининг бир қисми сифатида ҳукуматни эркин ва жонли фуқаролик жамияти ривожланишига имкон беришга чақирди. Бу эса ошкораликни оширишга ёрдам беради ва ўз навбатида катта сармоялар учун муҳит яратади.
"Cotton Campaign" Ўзбекистон ҳукумати билан конструктив ҳамкорликни давом эттиришга умид қилмоқда. Коалиция, шунингдек, ислоҳотлар жараёнини тугатилишини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
“Cotton Campaign“ – халқаро ташкилот бўлиб, унинг мақсади пахта етиштиришда мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилишдир. Унинг фаолияти туфайли Европа ва АҚШнинг ZARA, ADIDAS каби кўплаб етакчи бренд ва компаниялари ўзбек пахтаси ва тўқимачилик буюмларини сотиб олишдан бош тортган.
Маълум қилинишича, 2018 йилда “Cotton Campaign“ АҚШга Ўзбекистонни болалар меҳнати эвазига пахта йиғим-терими олиб бориладиган мамлакатларнинг тегишли рўйхатидан чиқармасликни сўраб мурожаат қилган. Бунга сабаб қилиб 2017 йилда болаларни пахта теримига жалб қилиш ҳолатлари қайд этилгани кўрсатилган.
LiveБарчаси