Жиноятга тўла Ўзбекистон. Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
16 Ноябрь
10365Инсон шафқатсиз бўлиши учун нима еб катта бўлиши керак? Тўхтанг, саволни бошқача бераман. Инсон ҳайвондан фарқ қилмайдиган даражада ваҳший бўлиши учун қандай муҳитда тарбия топиши керак? Мендан сўрасангиз, бу ҳаётда энг ваҳший ҳайвон, энг ёмон жонзот – инсон, айрим инсонлар. Ўзининг танасига зирапча кирса дод соладию, бошқаникини тилка-тилка қилишдан тап тортмайди. Ва ўз вақтида меҳр кўрмаган, камситилган, четлаштирилган, улғайиб бунинг аламини бошқалардан чиқаради.
Уч яшар боланинг мудҳиш ўлими юзасидан суд мажлиси бошланди
Шу йил ёзда Ўзбекистонда бола ўлдирилди. Уч яшар бола. Пичоқлаб ўлдирилди. Пичоқ унинг кўзига санчилди. Буни ҳайвон қилмади. Инсон қилди, одам боласи қилди. Агар уни бу қилмишидан кейин ҳам одам боласи, деб аташ мумкин бўлса.
Менга қанчалик ёқимсиз бўлмасин, эслатиб кетишга мажбурман. Шу йил ёзда пойтахт Тошкентда 31 ёшли эркак ўзи билан бирга қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёлнинг биринчи турмушидан туғилган 3 яшар ўғлини пичоқлаб ўлдирди.
Жорий ҳафтада эса жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида қотилликни содир этган шахс устидан суд мажлиси бошланди. Гумонланувчи Соҳибжон Муқимов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандлари, 25-модда орқали 97-моддаси 2-қисми “б”, “в”, “г”, “ж”, “р” бандлари, 219-моддаси 2-қисми, 251-1-моддасининг 2- ва 3-қисмлари билан айбланмоқда.
Судга оид ҳужжатда қайд этилишича, судланувчи муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни олиш, сақлаш, ташиш ва ўтказиш жиноятларини содир этганлиги учун суд ҳукми билан тайинланган жазони ўтаб чиққанлигидан ўзига тўғри хулоса чиқариб, даволаниш, тузалиш йўлига кирмай, носоғлом ҳаёт кечиришни давом эттириб, сурункали равишда таркибида кучли таъсир қилувчи ва гиёҳванд моддаларни жамловчи воситаларни истеъмол қилиб келган.
У жорий йилнинг 9 июль куни тунги соат 2:57 да кучли мастлик ва эйфория ҳолатига келиш мақсадида таркибида кучли таъсир қилувчи “прегабалин” моддаси мавжуд бўлган “Regapen 300 mg” номли, таркибида “тропикамид” моддаси мавжуд бўлган “Tropicamide 10 ml” номли дори воситалари ва таркибида “4-метилметкатион” мавжуд бўлган “Мефедрон” гиёҳвандлик моддасини комбинация (аралаштириш) усулида истеъмол қилиб, уларнинг таъсирида ўзи истаганидек жуда кучли қўшма мастлик ва эйфория даражасига келган.
Шунда судланувчи Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги хонадонлардан бирида яшовчи шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғининг 2021 йилда туғилган вояга етмаган гўдак фарзанди Салиҳ унинг эркалашларини инкор қилиб, аксинча, онасининг бағрига интилиб, унинг ёнида бўлишга ҳаракат қилганидан рашк қилиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида хонадонда сақлаб келган ўзига тегишли “капалак” йиғма пичоғи билан боланинг онаси хонадоннинг айвон қисмида эканидан фойдаланиб, гўдакнинг танасини устига чиқиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида ваҳшиёна ва ғайриинсоний усулда, қўлидаги “капалак” йиғма пичоғининг ўткир тиғли санчувчи қисми билан норасидани унинг онаси кўз ўнгида ҳаёти учун муҳим бўлган аъзолари, яъни чап кўзи, чап қоши, қовоқ, лунж, чакка, бурун ва ўнг пешона соҳаларига бир неча маротаба санчиб, кўз косаси тубини тешиб ўтиб, бош мия ярим шарини жароҳатлаган ҳолда ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.
Судланувчи қўлидаги пичоқ билан хотинининг ортидан чопиб чиққанида, аёлнинг бақириғини эшитиб қўни-қўшнилар тўпланаётганлигини кўрган ва аёлни қасддан ўлдиришга қаратилган ҳаракатларини тўхтатишга мажбур бўлган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Суд жараёнида 3 яшар фарзандини йўқотган она ҳам, марҳум боланинг биологик отаси ҳам қотилга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради.
Ушбу суд йиғини ҳақида QALAMPIR.UZ’да алоҳида дастур тайёрланган. Уни YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. Мавзуга ҳозирча якун ясарканмиз, айтар бир гапимиз бор. Кимдан сўраманг, ҳамма то бугунгача қотил йигитнинг психотроп моддалар таъсирида бўлганини айтмоқда. Балки бу жавобгарликдан қочиш учун энг бошидан ўртага ташланган иддаодир. Аммо бу ҳақиқатнинг ўзгаришига, жазонинг енгиллашишига таъсир ўтказмаслиги керак. Суд бу борада тегишли қарорни қабул қилиб, адолатли ҳукм чиқаради, деган умиддамиз. Бошқа томондан эса кўз ўнгимда кулиб турган тасвири билан қолган Салиҳнинг вафотида, аянчли вафотида ҳаммамиз айбдормиз. Боланинг кўзига пичоқ санчган ўша йигит қанчалик айбдор бўлса, психотроп моддаларнинг савдоси билан шуғулланган, буни тирикчилик, рўзғор деган жингалак сабаблари ортига яширишга уринган, одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётган чайқовчилар, ана шундай дориларни сотаётганларни кўра-била туриб уларни яшираётган, сукут сақлаётган биз ва бундай гиёҳванд моддаларнинг Ўзбекистонга кириб келишига йўл очиб бераётган айрим ходимлар, психотроп моддаларнинг савдосига у ёки бу йўл билан шерик бўлаётган ваколатли шахслар, ҳали ҳаммаси олдинда. Суднинг адолатини қўйинг, энг олий адолатдан қочиб қутулолмайсиз.
Рамзан Қодиров Алламжоновга суиқасдда алоқаси йўқлигини айтди
Ўзбекистон Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд билан боғлиқ хабарлар эндигина тин олганда сукунатни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бузди. Маълумки, бу воқеаларнинг бир учи Қодиров шахси билан боғланмоқда.
Хабарингиз бор, суиқасд деб ном олган ҳужумдан бир кун ўтиб ўзини Алламжоновга нисбатан ҳужумни амалга оширганмиз деб таништирган икки йигитнинг видеоси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан, прокуратура бу видеога нисбатан муносабат билдиргани йўқ. Суиқасд бўйича 4 киши қўлга олингани хабар қилиндию, улар орасида видеодаги йигитлар бор ёки йўқлиги ҳамон жамоатчиликка номаълумлигича қолмоқда.
Бу орада эса халқаро оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб видеодаги йигитлардан бири Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга алоқадор бўлиши ва 2021 йилда Туркиядаги чечен мухолифати фаолларига уюштирилган ҳужумга алоқадор Ўзбекистон фуқароси эканига оид фаразни илгари сурди. Қодиров эса ўзига нисбатан бу айбловларга шундай жавоб қайтарди:
“Ўзбекистонда бир неча ҳафта олдин мамлакат Президенти маъмуриятининг собиқ ходими бўлган машинага қарата ўқ узилган эди. Ҳеч ким жабрланмади. Гумонланувчилардан бири аллақачон ҳибсга олинган, тергов барча иштирокчиларни ва суиқасд сабабларини аниқлаши керак. Бироқ натижаларни кутмасдан, ғарбпараст ва баъзи мухолифат ОАВлари “чечен изи” ҳақидаги версияни чиқарди ва кейин бу изни бутунлай менга улашди. Мен бу провокацион нарсаларга жавоб бермайман. Қолаверса, Ўзбекистонда муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли барча соҳалар, жумладан, ахборот ва ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ишлар аъло даражада. Мен шуни қўшимча қиламанки, агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирган бўлсам, уни охиригача ва 100% натижа билан қиламан. Қандай бўлмасин, мен ва Ўзбекистондаги азиз биродарларим бу провокацион маълумотлар чиқиндиси ортида ким турганини аниқ билиб оламиз. Бу борада иш аллақачон бошлаб юборилган”, дейди Рамзан Қодиров.
Ҳозиргача Рамзан Қодировнинг бу баёнотига нисбатан Ўзбекистондан ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам, Алламжоновнинг ўзи ҳам сукут сақлашда давом этмоқда.
Бош прокуратура томонидан берилган барча баёнотларда бугунгача Комил Алламжонов номи тилга олинмади. Воқеага “Қибрайдаги ҳолат” деб шартли ном бериб келинмоқда.
Мактаб ўқувчисининг ўғирлаб кетилиши ва зўрланишида прокуратура ходими ҳам айбланмоқда
Самарқанд вилоятида 8-синф ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилди ва зўрланди. Ушбу жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб, 8 нафар шахс қўлга олинди. Улар орасида эса прокуратура ходими ҳам бор.
Воқеа жорий йилнинг октябрь ойи бошида содир бўлган бўлса-да, унинг иси шу ҳафтага келиб чиқди. Бош прокуратура воизи Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 6 октябрь куни вояга етмаган қиз прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, 2 октябрь куни бир неча шахс томонидан зўрланганини маълум қилган ва уларга қонуний чора кўришни сўраган. Бироқ то бу воқеа ҳақида “Сукут сақлама” лойиҳаси бонг урмагунигача вояга етмаганлар масалалари бўйича масъул бўлган прокуратура воқеа ҳақида жамоатчиликка миқ этмай келди.
Ариза юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатга Қўшработ тумани прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам алоқадорлиги аниқланиб, жорий йил 30 октябрь куни вилоят прокурорининг тегишли буйруғи билан прокуратура органларидан бўшатилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳамда тайинланган судга оид тиббиёт ва биологик экспертизалар натижаларига кўра, жорий йил 31 октябрь куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва терговга тааллуқлилиги бўйича ички ишлар органига юборилган.
Олиб борилган тергов ҳамда тезкор тадбирлар давомида 9 нафар гумонланувчи аниқланиб, терговга жалб қилинган ва 8 нафар шахс, шу жумладан, Қўшработ тумани прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси процессуал тартибда ушланган, 1 нафар гумонланувчини ушлаш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирда жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган.
Самарқанддаги воқеа катта шов-шувларга сабаб бўлганидан бир кун ўтиб, 14 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Билдирилишича, қонун 5 боб ва 51 моддадан иборат бўлиб, у билан болага нисбатан зўравонлик тушунчаси ва жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари унинг янги шакллари – ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилари ҳам эътироф этилмоқда.
Шунингдек, давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўриши, зўравонликдан жабрланувчиларни реабилитация қилиши ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаши ҳамда уларни ижтимоий мослаштириш учун зарур бўлган самарали чоралар кўриши қонунан белгиланмоқда.
Қонун билан зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилмоқда. Бугунгача бу тартиб аёлларга нисбатан қўлланилар эди.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач, кучга киради.
Қанийди, Болалар омбудсмани ва қонуннинг ижросига масъул ташкилотлар мамлакатда кун сайин урчиб бораётган болалар тиланчилиги билан боғлиқ ҳолатларга ҳам ечим топа олса эди.
Эрининг ҳақоратлари ва қийноқларига дош беролмаган аёл ўз жонига қасд қилди
Мудҳиш воқеликка оид навбатдаги хабаримиз ҳам Самарқанддан. Самарқандда эрининг ҳақоратлари ва қийноқларига дош беролмаган аёл ўз жонига қасд қилди.
Суд ҳужжатларига кўра, 1988 йилда туғилган судланувчи 77-мактаб директори ўринбосари лавозимида ишлаб, беш нафар фарзандини боқмаган, доимий равишда ичкиликбозлик қилиб, хотинини ҳақорат қилган ва уни фарзандлари олдида қийноққа солган.
Жорий йилнинг 11 июль куни эркак уйга маст ҳолда келиб, аввал хотинини ҳақорат қилиб, кейин уни калтаклаган. Аёл эрининг бундай шафқатсиз муносабати, руҳий босимлари, шунингдек, хиёнатларга дош беролмасдан калтакланганидан бир муддат ўтгач, ўз жонига қасд қилган.
Аёлнинг жасадини унинг қизлари топиб олган. Улар уйқудаги отасини уйғотиб, онасининг вафот этганини айтган. Шундан сўнг эр кўчага чиқиб, оғилхонага кирган ва марҳумани арқондан ечиб олиб, сунъий нафас беришга уриниб кўрган. Бу ёрдам бермаганидан кейин қўшнидан ёрдам сўраб, уни шифохонага олиб бориш учун машина чақирган.
Шифохонада шифокорлар аёлнинг вафот этганини тасдиқлаган ва бу ҳақда ИИБга хабар берган.
Марҳуманинг отасининг сўзларига кўра, унинг қизи турмуш ўртоғи билан 2013 йилда турмуш қурган. Шу вақт мобайнида уларнинг беш нафар фарзанди дунёга келган, оилада ҳаммаси яхши бўлган. Аммо охирги уч йил ичида айбдор унинг қизига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган. У доимий равишда уни калтаклаган, қийноққа солган ва уни ҳамда фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан тўхтаган. Марҳума бир неча бор ажрашишни хоҳлаган, ҳатто бир муддат фарзандлари билан ота уйида яшаган. Аммо қўшнилар ва маҳалла уни ажрашмасликка кўндириб, эри уни энди қийнамаслигини ваъда қилган. Кейин аёл эрининг уйига қайтган. Қани энди ўша маҳалла-кўй. Ажрим бўлмасин, статистика ошиб кетмасин, аёлнинг эр уйидан ўлиги чиқса, чиқсин, тириги чиқмасин дейдиганлар, қаердасиз? Виждонингиз роҳатми энди? Тунлари яхши ухлаяпсизми? Участка нозири-чи? У қаерда? Тинчми? Чунки галдаги гапим унга тегишли.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, марҳуманинг танасида кўплаб оғир жароҳатлар аниқланган, жумладан, бўйин қисми, икки қовурға синган, бош, кўз, елка, қўл ва бел қисмида жароҳатлар бўлган. Бу жароҳатлар аёлнинг ўлимига олиб келган бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Суд жараёнида айбдор ўз айбини тўлиқ тан олган. Жорий йилнинг 29 октябрида жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди эркакни Жиноят кодексининг 103-моддаси (Моддий ёки бошқа қарамликда бўлган шахсни ўз жонига қасд қилишга олиб бориш) 2-қисми “а” банди ва 126-1-модданинг 5-қисми “в” банди (Оилавий (маиший) зўравонлик оқибатида қасддан оғир жароҳат етказиш) билан айбдор деб топди ва уни 8 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.
Ва энг ёмони биласизми нима? Боя айтганимиздек, бу воқеаларни маҳалла-кўй яшириб, ойни этак билан беркитишга урингани етмагандек, ҳуқуқ-тартибот органлари, прокуратура ҳам ўлим ҳолати бўйича хабар бермади. Аксинча, бу воқеани ҳам кун тартибига “Сукут сақлама” лойиҳаси олиб чиқди.
Янгийўлдаги оиланинг қотилига нисбатан суд иши бошланди
Эслайсизми, шу йилнинг июль ойи охирларида Янгийўлда бир оиланинг беш аъзоси ўлдирилиб, уйи ёқиб юборилганди. Тугаётган ҳафтада ушбу ваҳшиёна жиноят устидан ҳам суд иши бошланди.
Ўшанда уйдан 1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган болалар, 2018 йилда туғилган қизнинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган. Маълум қилинишича, вафот этганлар эр-хотин ва уларнинг 2 нафар фарзанди, 1 нафар қиз жияни бўлган.
29 ёшдаги гумонланувчи шахс марҳумнинг қариндоши ҳисобланиб, у ушбу жиноятни аввалдан мавжуд бўлган қарз сабаб содир этган.
Йигит Жиноят кодексининг 97- (қасддан одам ўлдириш), 118- (номусга тегиш), 134- (қабрни таҳқирлаш), 164- (босқинчилик) ва 173- (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Жиноятда номусга тегиш ҳаракатлари ҳам мавжуд бўлгани учун у Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Роғун гидроэлектр станциясида юз берган фалокат оқибатида уч киши ҳалок бўлди
Бир вақтлар қурилишига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов тиш-тирноғи билан қарши чиққан Тожикистоннинг Роғун гидроэлектр станциясида юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди, бир киши жароҳатланди.
Воқеа жорий йилнинг 12 ноябрь куни содир бўлган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Роғун ГЭСда ишлаган “Хокруд” компанияси ходимларидир.
Воқеа содир бўлганидан сўнг дарҳол уни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилган. Айни пайтда авария билан боғлиқ барча ҳолатлар ўрганилмоқда.
Роғун ГЭСи қурилиши нафақат республиканинг ўзида, балки бутун минтақадаги энг йирик лойиҳадир. ГЭС Душанбедан 110 км узоқликда Вахш дарёсида жойлашган. Уни қуриш 1976 йилда бошланган, аммо СССР парчаланганидан сўнг қурилиш тўхтатиб қўйилганди.
Кейинчалик Тожикистон ўз маблағлари ҳисобидан ва халқаро жамғармалар ҳамда ташкилотларнинг маблағларини жалб қилган ҳолда, лойиҳада кўзда тутилган 600 МВт қувватга эга ГЭСларни қуриш бўйича ишларни давом эттирди.
6 та агрегатдан ҳозирча иккитаси ишга туширилди. Учинчиси 2025 йилда ишга туширилиши режалаштирилган. 335 метр баландликдаги гидроэлектр тўғони дунёдаги энг баланд тўғон бўлади.
Бироқ уни қуриш ишларида жуда кўплаб бахтсиз ҳодисалар содир бўлган ва оқибатда ГЭС қурилиши ишчиларнинг ўлимига олиб келган. 2020 йилда Роғун ГЭСи қурилишида 15 та авария қайд этилган, бунинг оқибатида 3 ишчи ҳалок бўлган, 15 киши турли тан жароҳатлари олган. Умуман олганда, 2020 йилда Тожикистоннинг Саноат ва тоғ-кон саноатида меҳнат хавфсизлиги устидан давлат назорати хизмати бошчилигидаги корхона ва объектларда 31 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, оқибатда 8 киши ҳалок бўлган, 33 киши тан жароҳати олган.
2019 йилда 33 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган, оқибатда 20 киши ҳалок бўлган ва яна 25 киши жароҳат олган.
Гап келганда айтиб олай, Марказий Осиёда Роғун ГЭСисиз ҳам аллақачон сув танқислиги бошланган. Бир томондан эриб кетаётган музликлар, иккинчи томондан қурғоқчилик, иқлим ўзгариши, Афғонистоннинг “Қўштепа” канали қурилиши сув бўйича хавфларни янада юқорилатди. Бу масалага бироздан кейин бафуржа тўхталамиз.
Порахўрликка қарши курашувчи ходим пора билан қўлга тушди
Онангни қози сўкса, дардингни кимга айтасан? Ўзбекда бундай коса ичида ним косалик гаплар талайгина. Халқ билиб айтган, кўп айтган, хўп айтган. Қани энди амал қилинса. Ўтган ҳафта Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари 1 миллион АҚШ доллари миқдорида пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабарни ҳазм қилиб улгурмасимиздан бу ҳафта яна бир шармандали ҳолат аниқланди. Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг порахўрлик бўйича қопқонига бу сафар Фарғона вилоятида Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими бошлиғи тушди.
Қайд этилишича, “Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими бошлиғи вилоятдаги туманлардан бирининг электр тармоқлари корхонаси бош муҳандисини 2024 йил 9 ойлик фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари учун келгусида ишдан бўшатмаслик эвазига ундан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга АЖнинг ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи ҳам алоқадор экани аниқланган.
Ҳозирда мазкур икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28-моддаси орқали 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бу Ўзбекистонда пора билан боғлиқ содир бўлган ягона ҳолат эмас. Тўғрироғи, содир бўлаётганлар минглаб, аниқлангани ягона эмас.
Сирдарё вилоятида 400 АҚШ доллари эвазига текширув материалларини йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчининг фойдасига ҳал қилишни ва суд-тиббий экспертизасини енгиллаштиришни ваъда қилган инспектор озодликдан маҳрум қилинди.
Маълум қилинишича, Сирдарёда ЙҲХХ катта инспектори ЙТҲ юз берган жойга етиб борган. У ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириб, йўловчилардан биридаги тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш учун тиббиёт экспертизаси тайинлаган. Ҳайдовчининг бошқарувидаги машинани шу куниёқ жарима майдончасига жойлаштирган. Орадан 4-5 кун ўтгач, ҳайдовчини ўз хизмат хонасига чақирган.
У терговга қадар текширув материалларини ҳайдовчининг фойдасига ҳал қилган ҳолда судга чиқариш, суд-тиббий экспертизасини енгиллаштириш ҳамда автомашинани жарима майдончасидан чиқариб беришни ваъда қилган. Эвазига ҳайдовчидан 400 АҚШ доллари пул сўраган.
Ҳайдовчининг инсофи бор экан, у ходимнинг бу таклифига рози бўлмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Унинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида ЙҲХХ катта инспектори ўз хизмат хонасида 200 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан суд иши Гулистон шаҳар судида кўриб чиқилиб, судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга ИИОда ҳар қандай лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда унга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Агар фақат Ўзбекистонда пора олишади, деб ўйласангиз хато қиласиз. Пора ҳамма жойда олинади, фақат Ўзбекистонда осон қутулиб кетилади. Масалан, Хитойда пора олганлик учун ўлим жазосига ҳукм қилишади.
Тугаётган ҳафтада Хитойнинг Гуандун провинцияси Умумхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Чэнь Цзисин пора олишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Чэнь Цзисиннинг пора олиш билан боғлиқ иш бўйича биринчи инстанция суд ҳукми эълон қилинди.
Унга таъсир ўтказиб пора олиш жинояти учун икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 200 минг юань жарима солиш белгиланган, шунингдек, ўлим жазосининг кечиктирилган ижросини, сиёсий ҳуқуқлардан умрбод маҳрум қилишни ва мулкни мусодара қилишни давом эттиришга қарор қилинган.
Қайд этилишича, Чэнь Цзисин ўзи ёки бошқалар орқали 2012-2022 йиллар давомида ноқонуний совғалар олиб келган. У ўз жиноятларини тан олиб, чин дилдан афв сўраб, мол-мулкларнинг катта қисмини қайтариб берган, бу эса жазонинг енгиллаштирилишига асос бўлган. Суд бу ҳолатларни ҳисобга олиб, пора олиш жинояти учун ўлим жазосини кечиктиришга ва таъсир ўтказиб пора олиш жинояти учун жазони енгиллаштиришга қарор қилган.
Саудия Арабистонида араб-ислом саммити бўлиб ўтди
11 ноябрь куни Саудия Арабистонида навбатдан ташқари араб-ислом саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Глобал сиёсат кун тартибидаги энг ўткир ва оғриқли масала – Фаластин муаммосига бағишланган бугунги муҳим саммитда бир йилдан буён янграб келаётган натижасиз гаплар ўрнида Президент Мирзиёев жўяли таклиф билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолиш масалаларига катта эътибор қаратиш лозимлигини билдирди.
Ўзбекистон Президентининг таклифи бўйича мамлакат Соғлиқни сақлаш тизимининг имконияти қай даражада? Буни билиш мақсадида QALAMPIR.UZ Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланди.
Унинг маълум қилишича, фаластинлик болаларни даволашга Ўзбекистоннинг имконияти етарли.
“Президент бу таклифни айтишидан олдин, аввало, имконият билан танишиб чиққан бўлади. Ҳа, бизда уларни даволаш учун жойлар ҳам, мутахассислар ҳам етарли. Масалан, COVID-19 вақтида қурилган махсус шифохоналаримиз турибди. Аммо қанча миқдорда бемор келади, улар қандай тақсимланади, қанча мутахассис жалб қилинади, буларнинг бари махсус топшириқдан кейин аниқ бўлади. Агар ҳукумат томонидан топшириқ тушса, кейин махсус йўл харитаси ишлаб чиқилади”, дейди Боситхонова.
Ғазодаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 43 603 киши, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. 102 929 нафар фаластинлик эса яраланган. Уларнинг катта қисмини аёллар ва болалар ташкил этмоқда.
Садир Жапаров халқаро ҳамжамиятни сув танқислиги бўйича муаммолардан огоҳлантирди
Тугаётган ҳафтада Озарбайжоннинг Баку шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси бўлиб ўтди. Унда қатнашган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров халқаро ҳамжамиятни сув танқислиги бўйича келажакда кутилаётган можаро ва беқарорликлардан огоҳлантирди.
“Қирғизистонда биз, айниқса, уйимиз бўлган тоғ экотизимларининг нозиклигини яхши биламиз. Марказий Осиёда миллионлаб одамларни сув билан таъминловчи музликлар тез йўқ бўлиб кетмоқда. Бу нафақат Қирғизистон учун, балки минтақавий ва глобал муаммодир. Сув танқислиги янада кучайиб, можаролар, беқарорлик ва қашшоқлик потенциалини яратади”, дейди Жапаров.
Жапаровнинг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши тоғ экотизимлари ва одамларга, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалигига, шунингдек, “дунёнинг кўплаб тоғли ҳудудларида сув ва тоза энергия каби асосий экотизим хизматларини кўрсатишга” салбий таъсир этмоқда.
“Биз тоғлар билан боғлиқ халқаро сиёсий жараёнлар доирасида кейинги ҳаракатларни келишиб олишда тоғли мамлакатлар манфаатларини муносиб ва адолатли ҳисобга олиш тарафдоримиз. Иқлим ўзгаришига қарши кураш нафақат яшаш учун кураш, балки адолат, тенглик ва қадр-қиммат учун курашдир”, деб тушунтирди Қирғизистон раҳбари.
Жапаровнинг юқори минбардан сув ҳақида айтганларидан кўп ўтмай, Қирғизистон Ўзбекистонга сув беришни камайтираётгани маълум бўлди. Хусусан, Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров Қирғизистон Жогорку Кенеш (парламент) йиғилишида Иссиқкўлни сақлаб қолиш масаласига тўхталиб, Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун Қирғизистон қўшни давлатларга камроқ сув бериши мумкинлигини билдирди.
Унинг қайд этишича, Қорқиридан Иссиқкўлга сув келмаяпти, Қўчқор дарёси ҳам олдин кўлга қуйиларди. Ҳозир эса деҳқонлар булоқ сувидан фойдаланмоқда. Унинг фикрича, Иссиқкўл қуриган Орол денгизи тақдирини такрорламаслиги керак.
Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун Қирғизистон қўшни давлатларга камроқ сув бериши мумкин. Оқилбек Жапаров Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бу борада тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
LiveБарчаси