Жиноий олам. Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
12 Октябрь
9229Мен жамиятимиз анча ўзгарди, аёлларга қулдек муносабатда бўлиш, қиз туғилган оилани, қиз кўрган отани бармоғи билан кўрсатиш йўқолди, одамларимизнинг қўлига пул, тагига машина, эгнига бренд либос тушди, онги, дунёқараши ўсди, десам ҳамон аёлларга нисбатан ўрта асрлардагидек дискриминацияни давом эттирадиган калтафаҳм, фаросатсизлар бор экан. Кўп эмас, битта бўлса ҳам ҳамма жойни булғайдиганлар ўшалар. Лекин уларга нисбатан жавоб ҳам, нафрат ҳам кам эмас.
Агар қиз фарзанд кўрсам, уни ахлатга улоқтираман деган шахс қамалди
Ўтган ҳафта бир йигитнинг агар қиз фарзанд кўрсам, уни ахлатга улоқтираман деган гапи ижтимоий тармоқларни жунбишга келтириб, кўпчиликнинг эътирозига сабабчи бўлганидан хабарингиз бор. Тугаётган ҳафтада ўша қаҳрамон йиғлаб, узр сўраб чиқди. Айтишича, шу гаплардан кейин ҳаловати бузилганмиш.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси эса унга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу йигит аввал ҳам жавобгарликка тортилган, бу биринчиси эмас. Муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган ва 10 суткага қамалган.
Сиз бу йигитнинг қиз фарзанд кўрсам, ахлатга ташлайман деган видеосини кўрдингизми. Фикрингиз қандай?
Дунё бўйлаб жинсий тажовузга учраганлар ҳақида ҳисобот эълон қилинди
Дунё бўйлаб ҳар саккизинчи қиз ёки аёл 18 ёшга тўлишидан олдин зўрланган ёки жинсий тажовузга учраган. Уларнинг сони дунё бўйлаб 370 миллионни ташкил этмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар агентлиги (UNICEF)нинг 11 октябрь халқаро қизлар куни муносабати билан эълон қилинган ҳисоботида шу ҳақида сўз борган.
Унга кўра, бу рақам “алоқа қилинмаган” жинсий зўравонлик шаклларини, масалан, интернет орқали ёки оғзаки зўравонликни ҳисобга олганда, 650 миллионга, яъни ҳар бешинчи қиз ёки аёлга тўғри келади. Қизлар ва аёллар энг кўп жабрланган бўлса-да, 240-310 миллион ўғил болалар ва эркаклар, яъни ҳар 11 нафардан бири ҳам болалигида зўрлаш ёки жинсий тажовузга дуч келган.
Билдирилишича, маълумотлар глобал миқёсда кескин чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу жумладан, қонунларни кучайтириш ва болаларга жинсий зўравонликни таниб олиш ва бу ҳақда хабар беришга кўмаклашиш зарур. Ҳисоботда айтилишича, жинсий зўравонлик географик, маданий ва иқтисодий чегаралардан қатъи назар содир бўлмоқда, аммо энг кўп жабрланганлар, яъни 79 миллион қизлар ва аёллар (22 фоиз) Африканинг жанубий саҳросида жойлашган.
Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё минтақасида 75 миллион қиз ва аёл (8 фоиз) жинсий зўравонликка учраган. UNICEF маълумотларига кўра, Марказий ва Жанубий Осиёда 73 миллион (9 фоиз), Европа ва Шимолий Америкада 68 миллион (14 фоиз), Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида 45 миллион (18 фоиз), Шимолий Африка ва Ғарбий Осиёда эса 29 миллион (15 фоиз) аёл ва қиз жинсий зўравонликка дуч келган. Океания минтақасида эса бу кўрсаткич 6 миллионни (34 фоиз) ташкил этади.
Бундан ташқари, заиф муҳитларда, жумладан, кучсиз институтларга эга бўлган ёки кўп миқдорда қочоқлар жойлашган ҳудудларда бу рақам ҳар тўрт кишидан биттага тўғри келади.
Қайд этилишича, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик асосан ўсмирлик даврида, айниқса 14-17 ёшлар орасида содир бўлади ва бу зўравонликка дуч келганлар жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, гиёҳвандлик ва руҳий саломатлик муаммоларига кўпроқ мойил бўлади.
Шунингдек, UNICEF ўғил болаларнинг жинсий зўравонликка учраши ҳақидаги маълумотлар етарли эмаслигини ва бу муаммонинг тўлиқ кўламини ўлчаш учун кўпроқ маблағ ажратиш кераклигини таъкидламоқда.
Қозоғистонлик “вор в законе” Россиядаги колонияда осилган ҳолда топилди
Криминал доираларда “Леха Семипалатинский” номи билан танилган 66 ёшли қозоғистонлик “вор в законе” Айткали Маймушев Россиядаги колонияда осилган ҳолда топилди.
Маймушев 2022 йилнинг январь ойида Москвадаги барлардан бирида ҳибсга олинган. Шахсий кўрикдан ўтказиш чоғида ундан метадон моддаси топилган. У жазони Карелия Республикасининг (Россия субъекти) Надвоици қишлоғидаги ахлоқ тузатиш колониясида ўтаган.
Айткали Маймушев “Леха Маймиш”, “Леха Семипалатинский” ва “Титаник” тахаллуслари билан криминал доираларда ном қозонган эди.
У 2023 йил ёзда Москва шаҳар суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Суд уни “жиноят иерархиясида юқори лавозимни эгаллаш” ва гиёҳванд моддалар савдосида айбдор деб топганди. Суд 1997 йилдан бери у Ленинград, Иваново, Москва вилоятлари, Москва, Санкт-Петербург ва Россиянинг бошқа ҳудудларида “жиноий фаолиятнинг турли соҳаларини” назорат қилганини аниқлаган.
Эсингизда бўлса, ўтган йилнинг октябрь ойида қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев Бишкекда Давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан ўтказилган операция давомида ўлдирилганди. Қамчибек Асанбек Қирғизистон ва МДҲдаги энг нуфузли “вор в законе”лардан бири эди. Тахаллуси – “Коля Қирғиз”. У наркотик бизнеси, қурол-яроғ савдоси, товламачилик, қора кўчмас мулк, талончилик, автомашина ўғирлаш, бандитизм, пул ювиш, давлат мулкини ўғирлаш ва буюртма асосида қотиллик қилиш билан шуғулланган. У Қирғизистондаги миллионерлардан бири эди. Бу воқеа эса Ўзбекистонда кўча деб аталадиган жиноий олам вакилларига нисбатан рейдларга уланиб кетди. “Долзарб 40 кунлик” номини олган тадбирларда “Салимбой”дан тортиб, “Бахти Ташкентский”, “Саидазиз медгородок”дан тортиб, “Бузрук”кача қўлга олинди ва уларга аллақачон суд ҳукми ўқилган.
Гиёҳвандлик воситаларини тарқатувчи 32 нафар шахс қўлга олинди
Октябрь ойи бошида пойтахт Тошкентда гиёҳвандлик воситаларини тарқатувчи курьер қўлга олингани хабар қилинганди. Чамаси, ушбу воқеа пойтахтда йирик рейд тадбирларининг бошланишига йўл очгандек. Йўл очганда ҳам ўтган йили тилга тушган “Долзарб 40 кунлик”дан роппа-роса бир йил ўтиб, 10 октябрь куни Тошкентда ўтказилаётган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги доирасида гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатувчи 32 нафар шахс қўлга олинди.
Барча ҳолатлар юзасидан Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Тошкентда давом этаётган рейдлардан бирига QALAMPIR.UZ ҳам гувоҳлик қилди. Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Қуёш” маҳалласида Бош прокуратура ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда психотроп дори воситалари ва гиёҳвандлик моддаларини сотишда гумонланган 7 нафар шахс қўлга олинди. Еттовлон гиёҳванд моддаларни нафақат сотиш, балки истеъмол қилиш учун шароит яратиб қўйгани аниқланди.
3 давлатдан келтирилган 47,2 килограмм наркотик модда мусодара қилинди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари тугаётган ҳафтада Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган жами 47,2 килограмм наркотик моддани ушлаб, мусодара қилди.
Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшовчи, 1971, 1974, 1985 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро Тожикистондан 10 килограмм 50 грамм “опий” ва 10 килограмм 29 грамм “гашиш” моддаларини контрабанда йўли билан олиб ўтган вақтида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинган.
Наркокурьерлар томонидан Афғонистондан олиб келиниб, Музработ тумани ҳудудидаги яширин жойга қолдириб кетилган 1 кг 953 гр “опий” ва 4 кг 116 гр “гашиш” моддаларини қабул қилиб олган вақтида Термиз шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ушланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу наркотик моддаларни Термиз шаҳрида қабул қилиб олган вақтида 1976 йилда туғилган Қозоғистон фуқароси ушланди.
Термиз туманида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам наркокурьерлар томонидан махфий жойга қолдириб кетилган 922 гр “опий” ва 4 кг 203 гр “гашиш” моддаларини олиб, доимий яшаш манзилига кетмоқчи бўлган вақтида Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 1977 йилда туғилган фуқаро ушланган. Мазкур шахс ушбу гиёҳвандлик моддасининг ҳар бир килограммини афғонистонлик наркосавдогарлардан 2300 АҚШ долларидан сотиб олган.
Сариосиё туманида қайд этилган ҳолатда эса Денов туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро тўхтатилиб текширилганда, унинг ёнида 4 кг 80 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Gentra машинаси тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмида 975 гр “опий” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам 789 гр “опий” ҳамда 5 кг 239 гр “гашиш” моддалари олинди. Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилган ушбу заҳри қотилни Қўқон шаҳрида сотишни режалаштирган.
Бошқа ҳолатда эса муқаддам қирғизистонлик наркокурьерлар томонидан Қувасой шаҳри ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 4 кг 922 гр “гашиш” моддасини олиб, доимий яшаш манзилига кетаётган вақтида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган фуқаро ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича референдум бўлиб ўтди
Қозоғистон атом электр станциясини қуришга тайёргарлик кўрмоқда. Фақат бу масала бўйича тугал қарор юқорида, тор доирада ва ёпиқ эшиклар ортида қабул қилинмади. Аксинча, 6 октябрь куни АЭС қуриш бўйича республика референдуми бўлиб ўтди.
Референдумга қўйилган савол: “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?”.
Қозоғистон Марказий референдум комиссияси (Марказий сайлов комиссияси) маълумотларига кўра, референдумда 5 561 937 нафар ёки 71,12 фоиз фуқаро “ҳа” деб овоз берган, 2 045 271 фуқаро “қарши” овоз берган. Қарши овоз берган фуқароларнинг фоиз миқдорини комиссия ошкор қилмаган.
Қайд этилишича, референдумда қабул қилинган қарор унинг натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради, яъни Ҳукумат халқнинг розилигини олди, энди бемалол АЭС қуриши мумкин. Хўш, уни ким қуради? “Росатом”ми? Йўқ, бу бўйича ҳали тугал қарорга келинмаган. Президент Тўқаевнинг фикрича, АЭС қурилишини энг илғор технологияларга эга компанияларнинг халқаро консорциуми амалга ошириши керак.
Бу орада эса Америка Қўшма Штатлари Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича ҳалол тендер ўтказилишига умид қилмоқда ва унда иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Савдо палатаси катта вице-президенти Хуш Чокси Олмаотага ишчи ташрифи чоғида маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ўтган йил баҳорда Қозоғистон NuScale ва GE Hitachi каби иккита Америка компанияси билан республикадаги биринчи АЭСни қуриш бўйича музокаралар олиб борган.
Сўнгги маълумотларга кўра, АЭС Олмаота вилоятининг Жамбил тумани ҳудудидаги Улкен қишлоғида қурилиши мумкин. Қозоғистон ҳукумати томонидан тўртта даъвогар компанияни ўз ичига олган “шорт-лист” тузилган. Улар Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP, Россиянинг “Росатом” ва Франциянинг EDF компаниялари.
Хўш, АЭС масаласида Ўзбекистон Қозоғистондан анча аввал отни қамчилаган. Фақат бу масала бўйича референдум ўтказиб, ортиқча сарф-харажат қилиб ўтирилмади. Қарор қабул қилинди ва у лойиҳани амалга ошириш “Росатом”га топширилди.
Гап шундаки, 2018 йил сентябрь ойи бошида Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари республика ҳудудида атом электр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди. “Росатом” давлат корпорацияси Босимли сув қуввати реактори-1200 реактор блоклари билан икки авлод “3+” энергоблоклардан иборат комплекс қуришни режалаштирмоқда.
Станция қурилиши учун Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинида устувор жой танланди. Май ойи охирида Тошкентда атом энергетикаси тарихида кам қувватли атом электр станцияларини қуриш бўйича биринчи экспорт шартномаси имзоланди.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси бўйича қуввати 330 МВт бўлган АЭСни қуришни назарда тутади. Станция қурилишида “Росатом” бош пудратчи сифатида ишлайди, маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этади. Маълум қилинишича, танланган ҳудуд аллақачон экспертизадан ўтказилган ва унинг хавфсизлиги тасдиқланган.
Сергелидаги портлаш бўйича ҳукм ўқилди
Тошкентликлар ўтган йили тунни ларзага келтирган, кўпчиликнинг уйқусини қочирган, юзлаб одамларнинг уйи вайрон бўлишига сабаб бўлган Сергелидаги фожиавий портлашни унутгани йўқ. Ўшанда 16 яшар ўқувчи ҳам ҳалок бўлганди. 163 нафар одам жароҳатланган. Тугаётган ҳафтада ўша даҳшатли портлаш бўйича суд иши якунланиб, ҳукм ўқилди.
11 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида тўрт нафар судланувчи Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбли деб топилди ва уларга шу модда билан икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил-колонияда ўтаттирилиши белгиланди ва жазо муддати 2023 йил 29 сентябрдан бошлаб ҳисобланиши айтилди. Уларга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилди.
Эслатиб кетай, портлаш Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонада содир бўлганди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.
Пора олган амалдор ўлимга ҳукм қилинди
Ўзимизда юздан ортиқ одамнинг жароҳатланиши, бир йигитнинг ўлимига сабабчи бўлаётганлар бор-йўғи беш йилга қамалаётган бир пайтда Хитойда пора олган амалдор ўлимга ҳукм қилинди.
Гап шундаки, Хитой Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Фан Йифеи пора олишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Амалдор судда Марказий банк ва бошқа молия институтларидаги, жумладан, Хитой қурилиш банкидаги юқори лавозимидан фойдаланган ҳолда 386 миллион юандан (54,55 миллион доллар) кўпроқ қийматдаги мол-мулкни ноқонуний қабул қилишда айбдор деб топилган.
Икки йиллик муҳлатдан кейин Фаннинг ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилиши мумкин. Лекин унга озодлик ёки жазони енгиллаштириш имконияти берилмайди.
60 ёшли Фан охирги ўн йил ичида Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг коррупцияга қарши кураши доирасида ҳибсга олинган Хитой Халқ Банкининг энг юқори лавозимдаги расмийларидан бири бўлган.
Катта терговчи пора олаётганда қўлга тушиб, қочиб кетди
Ўзимизда ҳам коррупцияга қарши кураш тадбирлари тўхтаб қолмаган. Тугаётган ҳафтада пойтахтнинг Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси пора олаётганда қўлга тушди, қўлга тушди-ю қочишга ҳам улгурди.
Гап шундаки, Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бир фуқаронинг аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилган. Муаллиф аризасида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси томонидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан бўлган жиноят ишини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиш учун пул маблағлари талаб қилганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Бош прокуратура берган маълумотларга кўра, ариза асосида жорий йилнинг 7 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида прокурор ариза муаллифидан келишилган 40 минг АҚШ долларини олиб, жиноий таъқибдан қутулиш мақсадида номаълум томонга яширинган. 40 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Бу ерда бир нарса тушунарсизлигича қолмоқда. Агар прокурор 40 минг долларни олаётганда ушланган бўлса, у қандай қилиб қочиб кетди? Ёки Бош прокуратура маълум қилганидек, олиб, кейин қочган бўлса қандай қилиб 40 минг АҚШ доллари далилий ашё сифатида олинган-у уни олаётган прокурорни ушлаш иложи бўлмаган. Бош прокуратура берган баёнотдан чиққан жумбоқли саволларга жавоб йўқ, ҳозирча.
Хуллас, ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан прокурорга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Инсон аъзолари олди-сотдисида айбланган талаба жазоланди
Одамлар кундан кунга ваҳшийлашиб кетяпти. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятлар сабаб бу гапларни айтяпман. Масалан, Тошкентда инсон аъзолари олди-сотдисида айбланган талаба йигит жазоланди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 2003 йилда туғилган йигит мўмай даромад орттириш мақсадида ижтимоий тармоқларга инсон аъзоларини сотиб олиши ҳақида эълон жойлаштирган. У тарқатган эълонларида буйракни 38 минг, жигарни 43 минг ҳамда суяк илигини 23 минг долларга олишини билдирган.
Ушбу эълондан сўнг унга аъзоларини сотмоқчи бўлганлар алоқага чиқа бошлаган. Йигит шундай фуқаролардан бирига битта буйрагини 38 минг долларга сотиб олишини айтган.
У шериклари Германияда экани, буйракни кўчириб ўтказиш ўша ерда амалга оширилишини ва бунинг учун ушбу давлатга бориш кераклигини айтган. Йигит фуқародан сафар учун олдиндан 350 доллар беришни сўраган.
У 26 апрель куни Шайхонтоҳур тумани ҳудудида фуқародан келишилган пулни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган. Унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Талаба судда бу ишни пулга муҳтож бўлиб қолгани сабаб қилганини, аслида Германияда ҳеч қандай танишлари йўқлигини, 350 долларни эҳтиёжига ишлатиб, кейин қайтариб бермоқчи бўлганини билдирган. Шунингдек, у акаси, синглиси ва ўзи талаба эканини, барчаси контракт асосида ўқишларини айтиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида кўрилган ишда 21 ёшли йигит Жиноят кодекси 25- (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 133-1-моддаси 1-қисмида (инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
“Марказий Осиё” ўрнига “Туркистон” тушунчаси қўлланила бошланди
Эндиликда Туркиянинг янги авлоди Марказий Осиёни Туркистон ўлароқ танийди. Тугаётган ҳафтада Туркияда янги ўқув дастури дарсликларида ўзгаришлар юз берди ва “Марказий Осиё” ўрнига “Туркистон” тушунчаси қўлланила бошланди.
Туркия Миллий таълим вазирлиги 2024-2025 ўқув йилида мактабгача, бошланғич мактаб, ўрта мактаб, лицейга тайёргарлик ва 9-синф даражаларида татбиқ этиладиган “Туркия Аср Таълим Модели” ҳақида тақвим чоп этди. Таълим вазирлиги “Тарих” сабоқларидаги туб ўзгаришлар сарлавҳаси остида янги ўқув дастуридаги атама ва тушунчалардан фойдаланиш билан ўртоқлашди.
Билдирилишича, дастурларда анахронистик ва илмий нотўғри атама ва тушунчалардан фойдаланишдан воз кечилган. Шу нуқтаи назардан, дастурларга “Марказий Осиё” ўрнига “Туркистон”, “Депортация қонуни” ўрнига “Кўчириш ва жойлаштириш қонуни” каби атама ва тушунчалар киритилган.
Тарихчи профессор Аҳмад Ташагилнинг айтишича, Туркистон номи дастлаб қадимги эронийлар, кейинроқ араблар томонидан Ўрта Осиёда турклар яшаган ҳудудларни ифодалаш учун ишлатилган. XV асрда ёзилган Темурнинг юришлари ҳақидаги асарларда Туркистон туркийларнинг Мовароуннаҳрдан ташқарида яшаган мамлакатларини кўрсатган. Аммо Каспий денгизининг шимолидаги ҳудудларни Ибн Фадлоннинг “Саёҳатнома”сида “Билодюът-Турк”, Аҳмад Тусий ва бошқа форс ёзувчилари томонидан “Туркистон” деб келтирилган. Баъзи Ғарб манбаларида 580-йилларда Ўрта Осиё учун “Туркҳия” номи келтирилган.
Франция ҳукумати Усома Бин Лодиннинг ўғлига тақиқ қўйди
Усома Бин Лодинни яхши танийсиз. АҚШдаги 11 сентябрь воқеаларидан тортиб, кўплаб давлатлардаги қўпорувчилик ҳаракатларининг бош ҳомийси ва муаллифи бўлган шу террорчининг ўзи вафот этган бўлса-да, унинг 14 ёшида “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти лагерида таълим олган ва 2000 йилда уни тарк этган ўғли бор.
Франция ҳукумати халқаро террористик ташкилот “Ал-Қоида”нинг собиқ раҳбари Усома бин Лодиннинг ўғли Умарга мамлакат ҳудудига киришни расман тақиқлади. Боиси у 2023 йилда ижтимоий тармоқларда терроризмни тарғиб қилувчи изоҳларни жойлаштирган.
Умар бин Лодинга нисбатан энди Францияга "ҳеч қандай сабабга кўра" кира олмаслигини кафолатловчи маъмурий тақиқ жорий қилинган.
Ички ишлар вазири Брюно Ретайо буни “миллий хавфсизлик қарори” деб атади.
Маълумотларга кўра, Умар бин Лодин ҳозир Қатарда, у ердан депортация қарорига қарши апелляция шикояти берган, бироқ Франция суди шикоятни рад этган. Бин Лодин эса ўзига нисбатан айбловларни рад этмоқда.ж
Франция ҳукумати томонидан терроризмга тарғибот сифатида баҳоланган твит 2023 йилнинг 2 май санасида – Усома Бин Лодиннинг туғилган кунида ёзилган. Умарнинг айтишича, унинг X (собиқ Twitter) саҳифаси номаълум шахслар томонидан бузиб кирилган ва у бу ҳақда тармоқ маъмуриятига хабар берган. Орадан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб, саҳифа блокланган. У терроризм ва зўравонликни чин юракдан қоралашини билдирган.
Украинанинг “Громадское” нашри журналисти, “Украинская правда” газетасининг мустақил муаллифи 27 ёшли журналист Виктория Рошина Россияда қамоқхонада вафот этди. Украина Олий Радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Дмитрий Лубинец унинг ўлими ҳақидаги тасдиқни Россиянинг Ҳарбий асирлар билан муомала қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб спикери Пётр Яценкодан олганини маълум қилди.
Омбудсман маълумотларига кўра, журналист 2023 йил августида Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида ғойиб бўлган. Украина оммавий ахборот воситалари аввалроқ у босиб олинган ҳудудларда репортаж тайёрлаётгани ҳақида ёзган эди. Ўша йилнинг сентябрь ойида унинг қариндошлари қидирув эълон қилган ва Омбудсман идорасига ҳам хабар берилган.
2024 йил май ойида Россия расмийлари журналист ҳибсга олингани ва Россия ҳудудида бўлганини биринчи марта тан олди. Россия Мудофаа вазирлиги унинг отаси Владимир Рошинга тасдиқ хати юборди. Ўшанда Рошинанинг ҳибсга олинганини Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ҳам тасдиқлаганди.
Маълумот учун, Рошина Украинанинг шарқи ва жанубидаги ҳарбий амалиётлар ҳақида материаллар тайёрлаган ва Запорожье вилоятининг Бердянск шаҳридаги воқеаларни ёритган, у ерда 2022 йил март ойида уни фуқаролик кийимидаги одамлар (Россия ФҚБ ходимлари) ҳибсга олган. 10 кундан кейин у озод қилинди. Шундан сўнг россияпараст Теlegram-каналларида Рошина Россия уни ўғирламагани, аксинча, унинг ҳаётини сақлаб қолгани, бунинг учун кадрдаги аёл Москвага миннатдорлик билдираётганини айтган видео тарқала бошлади. Айрим экспертларнинг фикрича, ёзув босим остида қилинган. Расмий равишда Россия расмийлари Рошина билан содир бўлаётган воқеаларга изоҳ бермади.
34 ёшли аёлнинг кутилмаган ўлими
Дубай-Тошкент авиарейсида учиб келган 34 ёш атрофидаги аёл божхона текширувида ушланиб қолган ва оқибатда соғлиғи ёмонлашиб, шифохонага олиб кетилаётганда вафот этди. Аввалига ижтимоий тармоқларда 34 ёш атрофидаги аёл божхона текширувини кутаётган вақтида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура изоҳ бериб, аёлнинг ўлмагани, у шифохонага ётқизилганини маълум қилди.
Прокуратура маълумотларига кўра, 7 октябрь куни 1986 йилда туғилган аёл Дубай-Тошкент авиарейсида учиб келган ва божхона текширувида ушланиб қолган. Оқибатда унинг соғлиғи ёмонлашган. Бош прокуратура ишонч билан аёлга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, деган баёнотни бериши биланоқ QALAMPIR.UZ журналисти аёлнинг оила аъзолари билан боғланди. Аёлнинг яқинлари эса Бош прокуратура баёнотини буткул рад этиб, баёнот берилган вақтда аёл аллақачон вафот этиб бўлгани, ҳатто, шифохонага қадар етиб бормай, йўлда жони узилганини билдирди.
“Жияним савдо-сотиқ мақсадида Дубайга борганди. Қайтаётганда божхона назоратидан ўтишда тоби қочган. Нега ундай бўлгани ҳақида ҳозирча маълумотим йўқ. Аэропортга тез ёрдам чақирилган, шифохонага келгунича жони узилган. Унинг оила аъзолари шифохонага боришса, аллақачон жиянимнинг жони узилган бўлган. Кейин уни қидирдик ва “ТошМИ”даги ўликхонадан топдик. У ерга жияним соат 10:00 ларда олиб борилган”, дейди марҳуманинг қариндоши.
Орадан кўп ўтмай, Бош прокуратура яна бир баёнот билан чиқиб, аёл шифохонага олиб келинганда вафот этганини тасдиқлади. Билдирилишича, марҳуманинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланди.
Ҳозирда прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Uzbekistan Airports’нинг маълум қилишича, 7 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 17:34 да Тошкент халқаро аэропорти тиббиёт пунктига йўловчининг учиб келиш залида ўзини ёмон ҳис қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Аёл паспорт назоратидан ўтгач, дарҳол ёрдам сўраган. Йўловчи бош оғриғи ва ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган.
Билдирилишича, соат 18:32 да тез ёрдам машинаси йўловчини Тошкент аэропортининг учиб келиш залидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетган.
LiveБарчаси