Ҳабиб Оливейранинг Ислом билан жанг манзили борасидаги таъналарига жавоб қайтарди
Спорт
−
26 Июль 2022
16866Енгил вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов россиялик Ислом Махачев ва бразилиялик Чарльз Оливейра ўртасидаги жанг ҳақида фикр билдириб, тўқнашув қаерда ўтказилишини UFC раҳбарияти ҳал қилганини айтган. У бу ҳақда “The Mike Finch Show” YouTube каналига берган интервьюсида сўз очган.
“Чарльз Оливейра нима истаётганига ҳеч кимга аҳамият бермайди. Ислом бундай қарорларни қабул қилмайди. Биз шунчаки жангчилармиз. Ислом UFC шартномасига имзо чекади. UFC'нинг қарорини тинглаш керак. Худди шу нарса Чарльз Оливейра учун ҳам амал қилади. Биз жой танламаймиз. UFC бизга жойни тайин қилади ва биз ўша ерга учамиз. Фарқи йўқ. Агар UFC раҳбарияти Ислом ва Чарльз Бразилияда жанг қилишини айтганида, биз Бразилияга борган бўлардик. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо Абу-Даби бизнинг ҳудудимиз. Чарльз буни тушунади. Шунинг учун, у Абу-Дабида жанг қилишдан қочишга ҳаракат қилди, лекин бу иш бермади.
Ислом ва Оливейра жангига 90 кун қолди. ММА мухлиси сифатида шуни айтишим мумкинки, бу жорий йилнинг энг кутилган тўқнашувидир. UFC ҳеч қачон бундай “ақлдан озган” ғалабали жангчиларни кўрмаган. Уларнинг иккиси ҳам кетма-кет ўнта жангда ғалаба қозонган. Бундан яхшироқ натижа Тони Фергюсон ва менда бор эди. Яъни, Тонида 11 та ғалабали серия бўлса, мен эса кетма-кет 12 жангда зафар қучгандим. Аммо иккимизнинг тўқнашувимиз содир бўлмади”, деган собиқ UFC чемпиони.
Аввалроқ, Чарльз Оливейра Ислом ва Ҳабибга Нью-Йорк ёки Лас-Вегасда жанг қилишни таклиф қилгани ва улардан ҳеч қандай жавоб олмагани ҳақида гапирганди.
Маълумот учун, бразилиялик Чарльз Оливейра ва россиялик Ислом Махачев ўртасидаги вакант чемпионлик учун баҳс жорий йилнинг 22 октябрь куни Абу-Дабидаги UFC 280 мусобақаси доирасида бўлиб ўтади. Бу жанг ғолиби енгил вазн тоифасида UFC чемпионига айланади.