Зеленский самолёт ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилди
Олам
−
25 Январь
8048Украина Президенти Владимир Зеленский украиналик ҳарбий асирларни алмашиш учун олиб кетаётган Россиянинг Ил-76 ҳарбий самолётининг ҳалокатга учрашига изоҳ берди. Бу ҳақда у YouTube'да видеомурожаат қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Украина Мудофаа вазирлиги, Украина Қуролли кучлари, Украина хавфсизлик хизмати ва ҳарбий разведка вакилларига қўнғироқ қилиб, уларнинг самолёт ва айирбошлаш билан боғлиқ вазият бўйича ҳисоботларини тинглаган.
“Кўриниб турибдики, руслар украиналик маҳбусларнинг ҳаёти, уларнинг қариндошларининг ҳис-туйғулари ва жамиятимиз ҳиссиётлари билан ўйнашмоқда”, дейди Зеленский.
Унинг айтишича, имкон қадар барча фактлар аниқланиши керак.
“Самолёт ҳалокати Россия ҳудудида содир бўлганини ҳисобга олсак, бу бизнинг назоратимиздан ташқарида. Хавфсизлик хизмати барча ҳолатларни ўрганмоқда. Мен Украина Ташқи ишлар вазирига ҳамкорларни Украинадаги мавжуд маълумотлар ҳақида хабардор қилишни топширдим. Давлатимиз халқаро тергов ўтказилишини талаб қилади”, дейди Украина Президенти.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учради. Россия Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, бортда Белгородга алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир, шунингдек, олти экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳ бўлган. Уларнинг барчаси, Россия расмийларига кўра, вафот этган.
Россия Мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини теракт деб атади ва бунда Украина ҳарбийларини айблади. Украина ҳукумати ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Украина ҳарбий разведкаси 24 январь куни Москва ва Киев асирларни алмашишга тайёрланаётганини тасдиқлади ва Украина томонида Ил-76 бортида ким бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқлигини қўшимча қилди.
Ҳа айтганча, бугун, 25 январь куни Украина раҳбари Владимир Зеленский 46 ёшга тўлди. “РБК-Украина” манбаларига кўра, фалокат ҳолатлари аниқлангунига қадар Зеленский мамлакатнинг марказий ҳудудларига сафарини бекор қилган ва уни туғилган куни билан табриклаш учун учрашувларни тақиқлаган.
LiveБарчаси