Украина жангни давом эттириш учун пул қидирмоқда – WSJ
Олам
−
18 Сентябрь 2023
9466Киев Украина давлат облигацияларини сотиш ва молиявий воситачилар ёрдамида жангни давом эттириш учун қўшимча маблағ топишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда ICU брокерлик компаниясининг макроиқтисодий тадқиқотлар бўлими раҳбари Виталий Вавришукка таяниб, “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.
“Агар ҳукумат бюджет тақчиллигини қоплай олмаса, у ўзининг ҳарбий амалиётларини молиялаштира олмайди”, дейди Вавришук.
Қайд этилишича, режалаштирилган ҳарбий харажатларни 50 фоизга ошириш учун Киев корпорациялар ва жисмоний шахсларга ҳарбий облигацияларини сотмоқда ва қарзларни бошқа давлатлар ҳисобидан қайта тузмоқда. Шу ҳафта ICU Украина облигацияларини чет элдаги жисмоний шахсларга масофадан сотишни бошлаши кутилмоқда.
Манбага кўра, Киев ғазнасини тўлдиришнинг яна бир усули бу воситачиларнинг ёрдами ҳисобланади. Масалан, Европада Euroclear халқаро депозитарийсининг музлатилган Россия активларини қайта инвестициялашдан тушган даромадининг бир қисмини Украинага ўтказиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Компания ҳисоботига кўра, санкцияланган активлардан Euroclear 1,283 миллиард евро соф фойда қилган. Олинган фойдадан 20 фоиз солиқ ундирилган. Бу пул аллақачон Украинага ўтказилган ва ҳозирда қўшимча солиқ ҳақида гап кетмоқда.
“Financial Times” нашрининг ёзишича, Европа Марказий банки аввалроқ Еврокомиссияни Россиянинг музлатилган активлари билан операциялардан олинган фойданинг мусодара қилиниши еврога глобал валюта сифатидаги ишончни сусайтириши ва жаҳон молиявий барқарорлигига путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Банк хусусий равишда Европа Иттифоқи вакилларига Россия активларининг Украина фойдасига қисман мусодара қилиниши ҳам жаҳон молия бозорлари учун ёмон сигнал бўлишини маълум қилган. Айтилишича, бундай ҳаракат, айниқса ЕИ G7 кўмагисиз ҳаракат қилса, бошқа марказий банкларнинг еврога бўлган қизиқишини сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Маълумот учун, жорий йилнинг апрель ойида Бельгия ғазначилиги раҳбари Александр Де Гест Бельгия фақат Euroclear платформасидаги 250,6 миллиард евролик Россия активларини музлатиб қўйганини, бу депозитарийнинг уларни қайта инвестициялашдан тушган даромади 2022 йилда 821 миллион, 2023 йилнинг биринчи чорагида яна 734 миллион еврони ташкил қилганини айтган. 12 май куни Бельгия ҳукумати Россия активларидан олинган 92 миллион еврони Украинани қўллаб-қувватлаш учун сарфлашини эълон қилган.