“Вагнер”нинг исёни Россияда ҳокимият бўлинишининг кўрсаткичидир – Боррель 

Олам

image

“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси томонидан қуролли исён кўтаришга уриниш Украинадаги можаро Россиядаги ҳукуматни парчалашини ва сиёсий тизимга таъсир қилишини кўрсатди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Люксембургда ЕИга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши олдидан журналистларга маълум қилди.

“Россия Президенти Владимир Путин яратган йиртқич ҳайвон унинг ўзини тишлади. Ушбу дам олиш кунлари содир бўлган воқеалар Украинага қарши уруш Россия ҳокимиятини бўлиб, мамлакатдаги сиёсий тизимга таъсир кўрсатаётганини намоён қилди”, деган Боррель.

Шунингдек, Европа Иттифоқи олий вакили Брюссель Россиядаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини таъкидлаган.

“Ядровий давлатдаги сиёсий тартибсизликлар хавфли, Европа Иттифоқи воқеалар ривожининг мумкин бўлган сценарийлари устида ишлайди. Украинани ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватлаш вақти келди”, дея қўшимча қилган Боррель.

Пригожиннинг бир кунлик исёни

Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи Путин Вагнер Жозеп Боррель Пригожин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг