Қирғизистонда 9 киши “Цефтриаксон” туфайли шифохонада, 1 киши вафот этди. Ўзбекистон тинчми?
Саломатлик
−
03 Февраль 2023
8574Қирғизистонда январь ойи давомида 9 киши “Цефтриаксон” дори воситаси туфайли анафилактик шокга учраган, шундан бир киши вафот этган. Бу ҳақда “Akipress” нашри мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берди.
Ножўя реакциялар турли ишлаб чиқарувчилар – Ҳиндистон, Ўзбекистон, Буюк Британия, Хитой, Миср, Туркия, Россиянинг “Цефтриаксон” препаратлари туфайли содир бўлган.
Бешта ҳолатда уйга ташриф буюрган ҳамшира, қўшнининг дори воситаларини қўллаши, яъни анамнез, лаборатория текширувлари, тиббиёт ходимларини кўрикдан ўтказмагани оқибатида аллергик реакция юзага келган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, анафилактик шок билан касалланишнинг кўпайиши тенденцияси мавжуд бўлиб, бу антибактериал препаратларни назоратсиз, мантиқсиз қўллаш натижаси бўлиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, парентерал юбориш қатъий шифокор назорати остида ва фақат соғлиқни сақлаш ташкилотларининг даволаш хоналарида амалга оширилиши керак.
Хўш, бу препарат бўйича Ўзбекистоннда ҳолат қандай? Шу саволларга жавоб топиш учун QALAMPIR.UZ Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази Фармакологик назорат бўлими бошлиғи Эльвира Свечникова билан боғланди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда “Цефтриаксон” препаратларининг ножўя таъсири, шунингдек, ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. Эътиборлиси, Қирғизистонда “Цефтриаксон”дан реакция кузатилган ва вафот этганлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ушбу препаратдан ҳам фойдалангани юқорида келтириб ўтилган.
LiveБарчаси