Россия Ғарбнинг 31 та энергия компаниясига санкция жорий қилди
Олам
−
12 Май 2022
11290Россия Федерацияси ҳукумати жавоб санкциялари жорий этилаётган юридик шахслар рўйхатини тасдиқлади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори кеча, 11 май куни расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
Рўйхатга Германия, Франция ва Европанинг бошқа давлатларидан, шунингдек, АҚШ ва Сингапурдан 31 та ташкилот киритилган. Улар орасида “Газпром”нинг Европадаги собиқ шўба корхоналари, ер ости газ омборлари савдогарлари ва операторлари бор.
Ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда, энди бундай компаниялар билан бир қатор операцияларни амалга ошириш мумкин бўлмайди. Хусусан, Россия органлари, юридик шахслари ва фуқаролари улар ва уларнинг назорати остидаги ташкилотлар билан битимлар туза олмайди ва уларнинг фойдасига молиявий операцияларни амалга ошира олмайди. Бунга тузилган ташқи савдо шартномалари ҳам киради. Бу тақиқлар аввалроқ Россия Президенти Владимир Путиннинг фармони билан ўрнатилган эди.
Вазирлар Маҳкамаси ўз қарори билан Россия Федерациясининг санкциялар рўйхатига киритилган компаниялар билан амалга оширилиши тақиқланган операцияларнинг қўшимча мезонларини ҳам белгилаб берган. Улар орасида ушбу шахслар фойдасига тузилган ёки тўловларни амалга оширишни кўзда тутувчи битимлар, бундай компаниялар иштирокида ёки уларнинг фойдасига қимматли қоғозлар билан амалиётлар ёки Россия Федерацияси портларига санкцияга эга бўлган шахслар, уларнинг манфаати ёки номидан ижарага олинган кемаларнинг кириши билан боғлиқ битимлар киради.
Россиянинг санкциялар рўйхатига Gazprom Germania GmbH, Gazprom Schweiz AG, Gazprom Marketing & Trading USA Inc, Vemex, Wingas, EuRoPol GAZ киради.
LiveБарчаси