Байден Путинни огоҳлантирди 

Олам

image

АҚШ Президенти Байденга кўра, Россия Украина ҳудудига ҳужум қилган тақдирда Америка Евопадаги “Бухарест 9” битимига аъзо мамлакатларга қўшин киритади. Байден ушбу сўзларни яқинда Россия Президенти билан бўлиб ўтган онлайн форматдаги учрашувда Путинга айтганини кеча, 11 декабрь куни журналистлар билан бўлган суҳбатда маълум қилди. 

Давлат раҳбари журналистларнинг, АҚШ Россиянинг эҳтимолий ҳужуми ортидан Украинага қўшин жойлаштириш фикридан қайтгани ҳақидаги саволига, “Қўшин жойлаштириш масаласи, ҳатто, муҳокама ҳам қилинмаган”, деб жавоб берди. 

Байден журналистларга, агар Россия Украинага бостириб кирадиган бўлса, АҚШ “Бухарест 9” давлатлари: Болгария, Венгрия, Латвия, Литва, Польша, Руминия, Словакия, Чехия ва Эстонияга қўшин жойлаштириш билан огоҳлантирганини айтди.  

"Биз НАТО таркибига кирувчи Шарқий қанотдаги (Бухарест 9) давлатларга қўшин жойлаштиришга мажбур бўламиз. Бу давлатлар олдида уларни Россиянинг ҳар қандай ҳужумидан ҳимоя қилишдек муқаддас бурчимиз бор", дейди АҚШ раҳбари.

У яна, АҚШ украин халқининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришини қўшимча қилди. 

“Мен жаноб Путинга, агар у Украинага ҳужум қиладиган бўлса, Россия учун даҳшатли иқтисодий муаммолар вужудга келишини аниқ айтиб ўтдим. У ўз ҳаракатлари учун товон тўлайди”, дея қўшимча қилди Байден. 

Маълумот учун, Бухарест 9 ташкилоти, 2015 йил 4 ноябрда Руминиянинг Бухарест шаҳрида, Руминия Президенти Клаус Иоҳаннис ва Польша Президенти Анжей Дуда ташаббуси билан улар ўртасидаги икки томонлама учрашув чоғида тузилган. Унга Польша, Руминия, Болгария, Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва ва Словакия давлатлари аъзо. Ушбу ташкилотнинг пайдо бўлишига, Украинага тегишли Қримнинг Россия томонидан босиб олиниши сабаб бўлган.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

1050

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг