Россия Ўзбекистондан ўғирланган XIII-XIX асрларга оид маданий бойликларни ортга қайтарди

Жамият

image

Кеча, 21 июнь куни Россиянинг пойтахти Москвада Федерал Божхона хизмати (ФБХ) ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси вакилларига тарихий-маданий буюмларни топшириш маросими бўлиб ўтди. ФБХ Ўзбекистон вакилларига XIII-XIX асрларга оид 29 та китоб ва 16 та сопол буюмларни топширди. Бу ҳақда Россия Божхона хизмати сайтида хабар берилган.

Маълум қилинишича, тарихий-маданий буюмларни топшириш маросими икки давлат божхона хизматлари ўртасида ноқонуний олиб кирилган маданий бойликларни ҳибсга олиш ва қайтариш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ўтказилган.

Маданиятшуносларнинг ўтказган экспертизасига кўра, қўлёзма китоблар XIX аср Ўрта Осиё ёзма маданияти учун хос бўлган араб, форс ва туркий тиллардаги диний матнлар тўплами, шунингдек форс ва туркий тиллардаги шеърлардан иборат бўлган. Сопол буюмлар: кўзалар, коса, ҳумлар — Ўрта асрларга оид Самарқанд кулолчилик устахоналари маҳсулоти.

Хабарга кўра, ушбу маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан Россия ҳудудига ноқонуний олиб кирилиши вақтида Қрим божхонаси ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари томонидан тўхтатилган. Қримда истиқомат қилувчи шахс контейнерда Ўзбекистонга тегишли бўлган маданий бойликларни Россияга олиб кирмоқчи бўлган. Божхона экспертизаси пайтида контейнерда бошқа нарсалар қаторида арабча қўлёзмалар ва сопол буюмлар борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, қримлик шахс Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 226.1-моддаси 1-банди билан 2 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг