27 миллион кишини домига тортган олов. Германия СССРга ҳужум қилганига 80 йил тўлди
Бу қизиқ
−
22 Июнь 2021
18376“Токи Ер Қуёш атрофида айланар экан, токи совуқ ва иссиқ мавжуд экан, кураш ҳам бўлади. Шу жумладан одамлар ва халқлар ўртасида ҳам. Агар одамлар жаннатда яшашда давом этганда, улар чириб кетарди. Инсоният ҳозирги ҳолига кураш шарофати билан эришган. Уруш – табиий ва одатий иш. Уруш ҳар вақт ва ҳар ерда давом этади. Унинг боши ҳам, охири ҳам йўқ. Ҳаётнинг ўзи уруш. Уруш – бу бошланғич нуқта”.
Адольф Гитлер
1941 йил 22 июнь, якшанба. Тонгги соат 3:45 да фашистлар Германияси Совет давлатига уруш эълон қилмасдан ҳужумга ўтди. Немис бомбардимончи самолётлари СССР ҳудудига кириб, чегарада жойлашган муҳим шаҳарларга бирин-кетин бомба ёғдира бошлади. СССР армиясининг қўмондони Георги Жуков соат 04:00 да Совет Иттифоқининг раҳбари Иосиф Сталинга қўнғироқ қилиб, немислар ҳужум бошлагани ҳақида маълумот берганида, Сталин чуқур хўрсинганча “ҳамма мажлисга” дея олди, холос. Шу тариқа, Иккинчи жаҳон урушининг асосий Германия-СССР фронти очилди. Бугунги мақоламизда рус адабиётларига “Улуғ Ватан уруши” деган ном билан киритилган, қонли урушнинг бошланиши ҳақида сўз юритамиз.
Сталин ва Гитлер ўртасидаги махфий келишув
Германия фюрери (лидери) Адольф Гитлер Иккинчи жаҳон урушини бошлашдан аввал, СССР раҳбари Сталин билан ўзаро келишиб олади. Фашистлар 1939 йил 23 август куни Совет давлати билан ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида 10 йил муддатга мўлжалланган шартнома имзолайди. Унда томонларнинг бири бошқа давлат билан урушга кирганида, иккинчи томон бетараф қолиши ёзиб қўйилган ва айни пайтда, шартномада яширин келишувлар ҳам бўлган. Хусусан, бу яширин келишувда Шарқий Европани Совет Иттифоқи ва Германия ўзаро бўлиб олиши назарда тутилган эди. Адольф Гитлер Финляндия, Латвия, Эстония ва Бессарабияни Совет давлати босиб олишига қаршилик билдирмайди. Ўз навбатида Иосиф Сталин ҳам Литвани Германия таъсирида деб тан олади. Шунингдек, яширин аҳдномада Польшани ҳам бўлиб олиш кўзда тутилган эди. Польшага ҳужум қилиш ҳақида Гитлер ва Сталин ўзаро узил-кесил бир қарорга келишган. Ҳар томонлама урушга тайёр Германия шарқдан ҳужум бўлмаслигига ишонч ҳосил қилгач, 1939 йил 1 сентябрь тонгида Польшага бостириб киради. 3 сентябрь куни Буюк Британия ва Франция Германияга қарши уруш эълон қилади. Шу тариқа, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетади.
“Барбаросса” операцияси
1940 йилнинг 18 декабрида Гитлер “Барбаросса” операцияси деб номланган 21-директивани имзолайди. Ушбу режага кўра, Гитлер армияни катта уч гуруҳга бўлиб, уч йўналишда Совет давлатига ҳужум қилишни режалаштирган эди.
Биринчи йўналиш: Генерал-фельдмаршал Вильгельм Фон Лееб бошчилигидаги шимолий гуруҳга “Болтиқ денгизи бўйидаги душман денгиз кучларини йўқ қилиш ва портларни қўлга олиб, Ленинград шаҳрини босиб олиш вазифаси юкланади.
Иккинчи йўналиш: Генерал-фельдмаршал Фон Бок бошчилигидаги марказий гуруҳга эса катта куч билан олдинга силжиш орқали, Беларусдаги совет қўшинларини мағлуб этиш, кейин Минскдан жанубга ва шимолга қараб ҳаракатланиб, тезроқ Москвани ишғол этиш вазифаси топширилади.
Учинчи йўналиш: Генерал-фельдмаршал Герд Фон Рундштедт қўмондонлиги остидаги жанубий гуруҳга бўлса, Киевга чап қанотдан зарба бериш, Галиция ва Украинанинг ғарбий қисмидаги Совет қўшинларини йўқ қилиш ҳамда Днепрнинг шарқий қисмига ҳужум қилишини таъминлаш вазифаси қўйилади.
Разведка маълумотлари
1940 йилнинг декабрь ойида Совет Иттифоқининг Разведка бош бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Филип Иванович Голиков, ўз тасдиғини топган маълумотларга қараганда, Гитлер икки фронтда уруш олиб боришга, яъни Ғарбда олиб борилаётган уруш хотимасини кутмай, Совет Иттифоқига ҳамла қилишга аҳд қилгани ҳақида Сталинга билдирув беради. Аммо Сталин “ҳар қандай ҳужжат борки, қалбакилаштириш мумкин” дея жавоб қилади.
Сталин генерал-лейтенант Голиковнинг олдига аниқ талаб қўяди, у ҳам бўлса, совет ҳарбий разведкасининг иши шундай йўлга қуйилсинки, токи, Гитлер чиндан ҳам урушга ҳозирлик кўраётгани ёки ёлғон-яшиқ гап тарқатаётгани ҳар қандай фурсатда маълум бўлиб борсин.
Голиковнинг фикрига кўра, немислар Россия ҳудудига бостириб кириш учун ниҳоятда жиддий ҳозирлик кўришлари лозим бўлган. Германиянинг бундай уруш бошлашга шай ҳолатини ташкил этадиган асосий элементлардан бири – қўй терисидан тайёрланган пўстин. Бу пўстинларнинг жами сони олти миллиондан кам бўлмаcлиги зарур эди. Буни яхши билган Голиков Европадаги қўй подаларини диққат билан кузатган. Мабодо Гитлер чиндан ҳам Совет Иттифоқига ҳужум қилишга қарор қиладиган бўлса, Германия Бош штаби Европаги енгил саноат фабрикаларига шошилинч равишда миллионлаб пўстин тайёрлашга буюртма бериши кераклигини аниқ билган. Бундай ҳолат эса минтақа бозорида ўз аксини топиши муқаррар бўлиб, уруш кетаётганига қарамай, қўй гўштининг нархи, ушбу жониворлар миллионлаб суйила бошлагач, сезиларли даражада тушиб кетиши, қўй терисининг нархи эса аксинча, ошиб кетиши кутилган.
Германиянинг СССРга ҳужуми
СССР Қуролли Кучларининг Бош штаб раҳбари Георгий Жуков ўзининг “Хотиралар ва ўйлар” китобида ёзишича, у немис қўшинлари чегарани кесиб ўтиб, Совет Иттифоқи шаҳарларига бостириб киргани ҳақида соат 4:00 да хабар топиб, дарҳол Сталинга қўнғироқ қилган. Ўша вақтда қўриқчи “Сталин уйғотманглар, деб айтган” деганида Жуков унга бақириб берган.
Бироздан сўнг, телефон гўшагини Сталин олади. Жуков унга немислар ҳужумга ўтгани ҳақида хабар берганида Сталин бу машъум хабарга қандай жавоб беришни билмай қолган. Шунда Жуков Сталиннинг оғир нафас олганини эшитади. Узоқ давом этган сукутдан сўнг Сталин “Ҳамма Кремлга, мажлисга йиғилсин”, дея буйруқ берган.
СССРда уруш бошланганининг эълон қилиниши
1941 йил 22 июнь куни соат 08:00 да Москва бутун мамлакатга немислар ҳужумга ўтгани ҳақида хабар беради.
“Диққат, Москва гапирмоқда. Биз муҳим ҳукумат хабарини етказмоқдамиз. Совет Иттифоқи фуқаролари! Бугун соат 04:00 да, ҳеч қандай уруш эълон қилмасдан, Германия армияси Совет Иттифоқи чегараларига ҳужум қилди. Совет халқининг немис фашист босқинчиларига қарши “Улуғ Ватан уруши” бошланди. Бизнинг йўлимиз адолатли, душман мағлуб бўлади. Ғалаба бизники бўлади!”.
Германия СССР фронти
Гитлер ўз қуролли кучларининг деярли 80 фоизини Совет давлатига қарши ташлади. Германия-СССР фронти амалда Иккинчи жаҳон урушининг асосий жанг майдонига айланди. Германия қўшинлари Совет армиясига қақшатқич зарбалар бериб, қисқа вақт ичида Болтиқбўйи, Молдова, Украина, Беларусь ҳудудларини босиб олди. Немислар сентябрь ойида Ленинград шаҳрига етиб келиб, 872 кун давом этган қамални бошлади. Улкан йўқотишларга учраган Совет армияси аста-секин ортга чекинди.
Совет Иттифоқининг раҳбари Сталин, Гитлер Буюк Британияга қарши урушни тугалламай туриб, иккичи фронтда уруш қилолмайди деб ҳисоблаб, армияни тўла ҳарбий тайёргарлик ҳолатига келтириш ҳақида буйруқ бермаган. Шу сабабли Совет давлати уруш бошида катта йўқотишларга учради.
Москва учун жанглар
1941 йилнинг ноябрь ойида немисларнинг марказ гуруҳ армияси Москва остонасида тўхтайди. Гитлер Совет давлатини қишга қадар мағлуб этишни режалаштирган эди. Аммо немис армияси бунинг уддасидан чиқа олмади. Тез орада қаҳрли ва ўлим келтирувчи совуқ бошланди. Қишга тайёргарлик кўрмаган фашистларнинг фронтда ҳужум қилиш салоҳияти анчайин пасайиб кетди. Германия қўшинлари 1941 йил 19 ноябрь куни ҳужумнинг иккинчи босқичини бошлаб, Москвани шимолий-ғарбий ва жануби-ғарбий томондан ўраб олишни режалаштирдилар. Бироқ Совет қўшинларининг қаттиқ қаршилиги натижасида немислар декабрь ойининг бошларида ҳужум қилишдан тўхтаб қолишади.
1941 йил 5 декабрь куни Совет армияси қарши ҳужумга ўтишга муваффақ бўлди. Бу ҳужум натижасида немис армияси Москвадан 100-250 км узоқликка улоқтириб ташланди. Шундай қилиб, Москва остоналарида эришилган ғалаба Германиянинг яшин тезлигидаги уруш режасини барбод қилди. Аммо душман ҳали кучли эди.
Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистоннинг иштироки
Уруш Совет иттифоқининг барча мамлакатлари қаторида, Ўзбекистонни ҳам ўз домига тортди. Ёшу қари, аёлу эркак урушга, уруш учун сафарбар этилди.
Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлди, мислсиз йўқотиш ва талафотларга олиб келди. Олти йил давом этган бу қонли урушда ўша пайтда дунёдаги мавжуд 73 та давлатдан 62 таси, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этган.
Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган уруш ҳаракатларига 110 миллион киши сафарбар этилган ва бу қирғинда жами 70 миллион киши ҳалок бўлган. Энг кўп қурбонлар собиқ Иттифоқ республикалари ҳиссасига тўғри келиб, қарийб 27 миллион кишини ташкил этган.
Маълумки, 1941 йилда Ўзбекистон ССР аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этган. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион ўзбекистонлик фронтга отланди. Уларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди.
Ўша ғоят оғир ва суронли даврда юртимиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди, бу ердаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилиб, уларнинг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Ўзбекистонга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни тиклашда фуқароларимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.
Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1,5 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 250 минг нафари болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ҳақиқий инсонпарварлик фазилатларини намойиш этди.
LiveБарчаси