Эрдўған 5 март куни Москвага келмоқда. Туркия-Россия позициялари ўзгарадими?
Олам
−
02 Март 2020
5763Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 5 март куни Россияга ташриф буюради. Бугун, 2 март куни “Reuters” агентлигининг маълум қилишича, ушбу хабарни Эрдўған маъмурияти тасдиқлаган.
Маълум қилинишича, ташриф бир кунлик бўлади.
Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песков Президентларнинг бўлажак музокараларидаги позицияси ҳақида гапирар экан, “Москва “Сочи битими”га содиқлигини, Суриянинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишини, Россия террорчилар, террорчи гуруҳлар ва терроризмга қарши курашда Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлашини" айтиб ўтган.
Унинг сўзларига кўра, келгуси музокараларда Россиянинг позицияси "ўзгармас" бўлади.
"Бу турли даражаларда Президент Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан билдирилган, шунингдек, сўнгги кунларда туркиялик ҳамкасблар билан ишланган бир хил позиция”, деган Кремль вакили.
Россия ва Туркия раҳбарлари 28 февраль куни телефон орқали суҳбат қилиб, Суриянинг шимоли-ғарбидаги вазиятни барқарорлаштириш учун қўшимча чоралар кўриш зарурлигини таъкидлашди. Кремль матбуот хизматининг маълум қилишича, томонлар идоралараро маслаҳатлашувларни фаоллаштиришга ва саммит ўтказиш имкониятларини ишлаб чиқишга келишиб олган.