FIFA Трамп минорасидаги ишлатилмайдиган офис учун 4 млн доллар тўлайди – ОАВ
Спорт
−
10:20 1334 2 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Нью-Йоркдаги Трамп минорасида жойлашган офисни етти йилдан ортиқ муддатга ижарага олиш бўйича шартнома имзолаган. Ижара қиймати жами қарийб 4 миллион долларни ташкил этади. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Манбага кўра, ижарага олинган майдондан FIFA деярли фойдаланилмаяпти. Тахминан 465 квадрат метрлик офис АҚШ Президенти Дональд Трамп оиласига тегишли бинонинг 17-қаватида жойлашган.
FIFA ушбу офисда доимий ишлайдиган ходимларни жойлаштиришни режалаштирмаяпти. Бино асосан махсус тадбирлар ва юқори мартабали расмийлар билан учрашувлар, жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг йиллик сессияси даврида фойдаланиш учун мўлжалланган.
Мазкур келишув FIFA’нинг айрим юқори лавозимли раҳбарлари орасида саволлар туғдирган. Улар ташкилотнинг АҚШдаги асосий офислари Майамида жойлашганини ҳисобга олиб, Нью-Йоркда қўшимча майдонни ижарага олиш заруратига шубҳа билдирган.
Манбаларга кўра, ушбу бинода ваколатхона очиш ташаббуси FIFA президенти Жанни Инфантино томонидан илгари сурилган. FIFA эса ижара шартномаси бозор нархлари ва маҳаллий қонунчилик талабларига мувофиқ тузилганини билдирган. Ташкилот келишув ички тартиб-қоидалар асосида амалга оширилганини таъкидлаб, Нью-Йоркда ваколатхонага эга бўлиш халқаро ташкилот учун мантиқан тўғри қарор эканини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанни Инфантино ташкилотдаги маошидан ташқари, 2026 йилги Жаҳон чемпионатини ташкил этиш билан шуғулланувчи компаниядан ҳам 1,76 миллион доллар олгани маълум бўлган эди. Бироқ ушбу тўловлар FIFA’нинг ҳисоботларида акс эттирилмаган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь