Кавказ бирлашди: дўстини қутқариш учун сувга сакраган болани минглаб аҳоли изламоқда
Олам
−
21 июн 7784 3 дақиқа
Ингушетияда Сунжа дарёсида йўқолиб қолган 8 ёшли Хизир Дербичевни топиш бўйича бошланган кенг кўламли қутқарув операцияси бутун минтақани қамраб олди ва минглаб аҳолини бирлаштирди.
Фожиавий воқеа 15 июнь куни кундуз пайти Карабулак ва Яндаре қишлоқлари оралиғида Сунжа дарёси қирғоғида содир бўлган. Хизир Дербичев икки дўсти — Адам ва Муҳаммад билан дарё бўйида дам олаётган вақтда воқеа юз берган. Маълумотларга кўра, Адам тасодифан сирпаниб сувга тушиб кетган, аммо яқинидаги дарахт шохи ва илдизига илиниб қолиб, ўзини сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Шу пайтда Хизир дўстига ёрдам бериш учун сувга ташланган, бироқ кучли оқим уни олиб кетган. Учинчи бола Муҳаммад эса дарҳол ёрдам чақириш учун яқин атрофдаги одамлар томон югуриб, йўлда ишга кетаётган оилага дуч келган. Айнан уларнинг ёрдамида Адам қутқариб қолинган, аммо Хизирни топиш имкони бўлмаган.
Шундан сўнг дарё бўйлаб мисли кўрилмаган масштабда қидирув-қутқарув ишлари бошланган. Операцияга маҳаллий қутқарувчилар, фавқулодда хизматлар, кўнгиллилар ҳамда қўшни республикалардан келган ёрдам кучлари жалб этилган. Жами тахминан 6000 нафарга яқин киши, жумладан 4500 дан ортиқ кўнгиллилар қидирувда иштирок этмоқда. Улар дарё қирғоғи бўйлаб “тирик занжир” ҳосил қилиб, ҳудудни метрма-метр текширишмоқда.
Қидирув ишларига Чеченистон, Доғистон, Шимолий Осетия, Кабарда-Балқария ва бошқа Шимолий Кавказ республикаларидан ҳам қутқарув бўлинмалари жалб этилган. Чеченистон раҳбарияти топшириғи асосида махсус хизматлар Серноводск ва Ачхой-Мартан ҳудудларида ҳам фаол иш олиб борган. Барча зарур техника ва ускуналар ишга солинган, айрим участкаларда сув оқими вақтинча тўсиб қўйилиб, дарё сатҳи пасайтирилган.
Қидирувнинг 5-кунига келиб, 19 июнь куни махсус техника ёрдамида дарёнинг айрим қисмлари йўналтирилиб, сув сатҳи камайтирилган. Бу орқали аввал сув остида қолган ҳудудлар ҳам текширилган. Троицк дамбаси атрофида бетон плиталар кўтарилиб, илгари кўринмаган ҳудудлар ҳам синчковлик билан кўздан кечирилган. Кечаю кундуз узлуксиз навбатчилик ташкил этилган, прожекторлар ёрдамида тунги қидирув ишлари давом эттирилмоқда.
Бироқ қидирув жараёни фонида жиддий экологик муаммолар ҳам аниқланган. Қутқарувчилар дарё бўйлаб ноқонуний қувурлар орқали тозаланмаган канализация чиқиндилари ташлаб келинаётгани, шунингдек, маиший чиқиндиларнинг кўплиги ҳолатларига дуч келишган. Бу ҳолат нафақат табиатга катта зарар етказаётгани, балки сув ости қидирув ишларини ҳам жиддий қийинлаштираётгани таъкидланди.
Ингушетия раҳбари Маҳмуд-Али Калиматов мазкур ҳолатга кескин муносабат билдириб, ўзининг Telegram канали орқали дарёга ноқонуний оқова сув чиқариш ҳолати аниқланганини тасдиқлади. У бундай ҳаракатлар экотизимга жиддий зарар етказиши ва аҳоли саломатлигига хавф туғдиришини таъкидлаб, Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимиятларга қирғоқ ҳудудларини тўлиқ текшириш ва барча ноқонуний чиқинди манбаларини бартараф этиш бўйича топшириқ берди.
Шу билан бирга, масъуллар бундай қонунбузарликларга йўл қўйган шахслар қонун доирасида жавобгарликка тортилишини маълум қилди.
Қидирув жараёнида ижтимоий тармоқларда бола топилгани ҳақида нотўғри маълумотлар ҳам тарқалган, бироқ кейинчалик бу хабарлар рад этилди – улар аввалроқ вафот этган бошқа бир боланинг эски сурати билан боғлиқ экани маълум бўлди.
Ҳозирда қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда ва Хизир Дербичевни излаш ишлари тўхтатилмаган. Ҳокимиятлар барча куч ва ресурслар ишга солинган ҳолда операция тўлиқ якунланмагунча ҳаракатлар давом этишини билдирмоқда.
Live
Барчаси