Тожикистонда 20 дақиқалик мажбурий бадантарбия жорий этилди

Олам

image

Энди Тожикистонда барча иш берувчилар ходимлар учун ҳар куни давомийлиги 15-20 дақиқадан кам бўлмаган жисмоний машқларни ташкил этиши шарт. Бу ҳақда тегишли ўзгартиришлар киритилган Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш кодексида сўз боради.

Адлия вазири Музаффар Ашуриённинг тушунтиришича, ушбу янгилик мамлакат Президентининг 2026 йил 14 февралдаги фармони асосида ишлаб чиқилган бўлиб, аҳоли ўртасида семириш ва қандли диабет касалликларининг олдини олиш ҳамда саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган. Унинг сўзларига кўра, ушбу талаб мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларга тааллуқли.

“Иш берувчилар ва мансабдор шахслар зиммасига кунига камида 20 дақиқа давомида мунтазам жисмоний машқлар ўтказиш мажбурияти юклатилди”, дейди вазир.

Бундан ташқари, ташкилот раҳбарлари спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиши ва жисмоний фаолликда ўзлари ҳам иштирок этишлари керак. Илгари эрталабки бадантарбия машғулотлари айрим давлат ва хусусий муассасаларда ихтиёрий равишда ўтказиб келинар эди. Кейинчалик эса мамлакатда барча давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари шанба кунлари эрталабки бадантарбияда қатнашишга мажбур қилинган. Унда истисносиз барча давлат хизматчилари иштирок этиши шарт эди.

Идоралар шанбалик бадантарбияни қайси вақтда ўтказиши бўйича жадвал тузилган, шунингдек, ҳар бир идора жисмоний тарбия билан шуғулланиши керак бўлган жойлар белгилаб берилган. Бадантарбия машғулотлари эрталаб соат еттида бошланиб, тахминан ярим соат давом этарди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон бадантарбия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг