Мудофаа 5 ойда 8 марта муҳокама қилинди ёхуд Ўзбекистон қуролларини кўпайтиряпти

Жамият

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 8 июнь куни мудофаа соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди. Эътиборли жиҳати шундаки, давлат раҳбари йил бошидан буён мудофаа ва хавфсизлик тизимига бағишланган тақдимотлар ҳамда йиғилишларда бир неча бор иштирок этди. Бу эса минтақа ва дунёдаги мураккаб геосиёсий вазият шароитида Ўзбекистон ўз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларни модернизация қилиш ва ҳарбий бошқарув тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратаётганини кўрсатади.

Бу галги тақдимотда ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий авиация тизимини трансформация қилиш масалалари муҳокама қилинди. Мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Халмухамедов сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қўшинлар замонавий авиация техникалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ҳамда учувчисиз авиация комплекслари билан таъминланганини маълум қилди. 

Шунингдек, амалий парвоз машғулотлари ҳажми бир неча баробар оширилгани, авиация бўлинмаларининг жанговар шайлиги ва имкониятлари изчил мустаҳкамланаётгани қайд этилди.

Тақдимотда миллий ҳарбий кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Қарши шаҳрида жойлашган Ҳарбий авиация институтида халқаро стандартлар асосида ташкил этилган таълим жараёни назарий билимлар ва амалий тайёргарликни уйғунлаштириш имконини бермоқда. Хусусан, курсантлар “Устоз-шогирд” тамойили асосида Хонобод аэродромида тажрибали мутахассислар раҳбарлигида амалий кўникмаларни эгалламоқда.

Шу куни Президент ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини янада ривожлантиришга қаратилган фармонни ҳам имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ҳамда Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги негизида Ҳарбий-ҳаво кучлари жанговар қўмондонлиги ташкил этилади. Шунингдек, юқори аниқликдаги қуроллар ва замонавий учувчисиз авиация комплекслари билан жиҳозланган янги бўлинмаларни шакллантириш орқали ҳарбий авиациянинг жанговар имкониятларини сезиларли даражада ошириш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасидаги фаоллиги ҳам сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Мамлакат Туркиянинг “Bayraktar TB2” разведка-зарбдор дронларини харид қилди ва улар ҳозирда чегараларни қўриқлаш ҳамда жанговар навбатчиликда қўлланилмоқда. Шунингдек, Туркиянинг TUSAŞ компанияси ишлаб чиққан ANKA оғир учувчисиз авиация комплексларини етказиб бериш бўйича ҳам келишувларга эришилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Бразилиянинг Embraer компанияси ишлаб чиққан “C-390 Millennium” ҳарбий-транспорт самолётларини сотиб олиш бўйича шартнома имзолади. Натижада Ўзбекистон Марказий Осиёда мазкур замонавий ҳарбий-транспорт самолётларининг биринчи операторига айланади. Мутахассислар фикрича, мазкур самолётлар Ҳарбий-ҳаво кучларининг транспорт, гуманитар ва тезкор операцияларни амалга ошириш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.

Мазкур тақдимотда ҳарбий соҳадаги ташкилий ўзгаришлар билан бир қаторда ҳарбий тиббиёт тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳарбий тиббиёт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Туркияга амалга оширган давлат ташрифи давомида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ҳарбий тиббиёт соҳасида таълим ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Мазкур келишув доирасида ҳарбий шифокорлар ва тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, магистратура ва аспирантура дастурларини йўлга қўйиш ҳамда соҳадаги илғор тажрибаларни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, даволаш иши, стоматология, фармацевтика, профилактика тиббиёти, ҳамширалик ва тиббий таълим йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, семинар ва конференциялар ташкил этиш, мутахассислар ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Икки мамлакат тиббиёт муассасалари ўртасида беморларни биргаликда даволаш ва қўшма тиббиёт марказларини ташкил этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Туркия билан ҳарбий ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашган. Жорий йилнинг 23 апрель куни Президентга мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан алоҳида ахборот берилган эди. Унда Туркия Қуролли кучларининг юқори мартабали вакиллари ҳам иштирок этган. Учрашув давомида ҳарбий-техник ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма тадбирлар сонини кўпайтириш ва ҳарбий мутахассислар тайёрлаш соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Йиғилишда ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, мудофаа ишлари органларида фаолият юритаётган фуқаро ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириш ҳамда ҳарбий хизматчиларга турар жой ижараси учун тўланадиган пул компенсациясини кўпайтириш чоралари муҳокама қилинди.

Шу асосда 10 июнь куни тегишли Президент қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик учун тўланадиган ҳар ойлик компенсация миқдори 25 фоизга оширилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармалари ҳамда туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларидаги фуқаро ходимларнинг иш ҳақини ҳам босқичма-босқич ошириш белгиланди.

Мудофаа соҳасида рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлди. Хусусан, 16 ёшга тўлиб, ID-карта олган ўғил болалар ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлиги ахборот тизимидан автоматик равишда олиш ва уларни ҳарбий ҳисобга қўйишнинг янги тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, чақирувчиларнинг тиббий кўригини ташкил этиш тизимини соддалаштириш ҳам режалаштирилган. Янги тартибга кўра, мудофаа ишлари бўлимларидаги тиббий комиссиялар босқичма-босқич бекор қилиниб, барча тиббий кўрик тадбирлари туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида ўтказилади. Мутасаддилар фикрича, мазкур тизим инсон омилини камайтириш, хизматлар шаффофлигини таъминлаш ва фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш имконини беради.

Тақдимот якунида Президент Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини янада ошириш, ҳарбий бошқарув тизимини замонавийлаштириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, ҳарбий таълим тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, аскарларни касбга ўргатиш, уларни олий таълим муассасаларига тайёрлаш ва ҳарбий хизматчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон сўнгги йилларда нафақат қурол-яроғ ва техника жиҳатидан, балки ҳарбий бошқарув, кадрлар тайёрлаш, тиббий таъминот ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида ҳам кенг қамровли модернизация жараёнларини амалга ошираётганини кўрсатади.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев қуроллар ҳарбий-техник ҳамкорлик мудофаа ва ҳарбий авиация тизими Шуҳрат Халмухамедов миллий ҳарбий кадрлар Ҳаво ҳужуми жанговар шайлиги ва тайёргарлиги ҳарбий бошқарув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг