“Биз подшо эмасмиз”. Инфантино сомалилик ҳакам юзасидан изоҳ берди

Спорт

image

FIFA президенти Жанни Инфантино АҚШ визалари билан боғлиқ баҳсларга муносабат билдириб, ташкилот давлатлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари қарорларига аралаша олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 10 июнь куни Жанни Инфантино матбуот анжуманида сўз очди. 

Инфантино Сомалилик ҳакам Умар Артаннинг АҚШга киришига рухсат берилмагани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, FIFA’нинг бундай масалаларда ваколати чекланганини айтди.

“Биз Ойда эмас, Ер сайёрасида яшаяпмиз. Биз ҳукуматлар ва полицияни бошқара оладиган дунё подшолари эмасмиз. FIFA – бу спорт ташкилоти. Биз қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Баъзан хотиржам бўлиш ҳам муҳим. Барча муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаяпмиз, аммо ҳар доим ҳам бақириш ва танқид қилиш ечим топишга ёрдам бермайди”, дейди Инфантино.

Унинг айтишича, Умар Артан билан боғлиқ ҳолат нохуш воқеа бўлган, аммо FIFA расмийларга ким мамлакатга кириши ёки кирмаслиги кераклигини кўрсата олмайди.

2025 йил июнь ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Сомали ҳам кирувчи 12 давлат фуқаролари учун визалар беришни тўлиқ чеклаган эди. Расмий изоҳда ушбу мамлакатлар “текширув ва хавфсизлик талабларига етарли даражада жавоб бермайди” деб баҳоланган.

Артан Жаҳон чемпионати финал босқичида ишлайдиган биринчи сомалилик ҳакам сифатида тарихга кирган эди. У 2025 йилда Африка футбол конфедерацияси (CAF) томонидан қитъанинг энг яхши ҳаками деб топилган.

BBC манбасига кўра, АҚШ расмийлари текширув жараёнида Артаннинг террорчилик ташкилотлари билан эҳтимолий алоқалари ҳақида маълумотлар аниқланганини билдирган.

Ҳакамнинг ўзи эса “The New York Times” нашрига берган интервьюсида чегара хизмати ходимлари ундан “Аш-Шабаб” гуруҳи билан эҳтимолий алоқалари ҳақида сўроқ қилганини, аммо у бу ташкилот билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқлигини айтган.

Маълумот учун, “Аш-Шабаб” 2004 йилда Сомалида ташкил этилган бўлиб, “Ал-Қоида” билан боғлиқ террорчилик гуруҳи сифатида кўплаб давлатлар томонидан тақиқланган.

2026 йилги Жаҳон чемпионати бугун, 11 июнь куни Мексика ва Жанубий Африка терма жамоалари ўртасидаги учрашув билан старт олади. Баҳс Тошкент вақти билан 23:50 да бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанни Инфантино FIFA Умар Артан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг