Қирғизистонда санкция хавфи сабабли 50 та компания ёпилади
Олам
−
11 Июнь 2839 3 дақиқа
Қирғизистон юқори санкция хавфи бўлган операцияларга аралашиб қолган 50 та юридик шахсни тугатиш бўйича ишларни олиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакат Президентининг санкция сиёсати масалалари бўйича махсус вакили, Иқтисодиёт ва тижорат вазири Бақит Сиддиқов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2023 йилдан буён республика санкция режимига риоя қилиш ва халқаро чекловларни айланиб ўтишнинг олдини олиш масалалари бўйича АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия билан фаол мулоқот олиб бормоқда.
“Ғарблик ҳамкорларнинг сўровига кўра, ҳозирги вақтда уларнинг фикрича, юқори санкция хавфи бўлган операцияларга аралашган бўлиши мумкин бўлган 50 та юридик шахсни тугатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейди Сиддиқов.
У Қирғизистон молия-иқтисод тизимининг шаффофлиги сиёсатига содиқ эканини ҳамда мамлакат ҳудуди, молиявий инфратузилмаси ва иқтисодиётнинг алоҳида тармоқларидан санкцияларни айланиб ўтиш ҳамда ноқонуний фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланилишининг олдини олиш чораларини кўраётганини билдирган.
Ҳукумат виртуал активлар ва криптоактивлар бозорига алоҳида эътибор қаратмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, рақамли молиявий технологияларнинг ривожланиши иқтисодиёт учун янги имкониятлар очади, бироқ шу билан бирга даромадларни легаллаштириш, ноқонуний фаолиятни молиялаштириш ва санкция чекловларини айланиб ўтиш билан боғлиқ хавфларни ҳам юзага келтиради.
Мамлакатда назоратни кучайтириш мақсадида Қирғизистон Президенти ҳузурида Виртуал активлар ва блокчейн технологиялари бўйича миллий агентлик ташкил этилган. Вазир Қирғизистон санкция режимига риоя қилиш, ноқонуний молиявий операцияларга қарши курашиш ва глобал молиявий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларида халқаро ҳамкорлар, молиявий институтлар ва регуляторлар билан бундан буён ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини қайд этган.
Бақит Сиддиқов республика санкция сиёсатига нисбатан холис ва мувозанатли ёндашув тарафдори эканини ҳамда чекловчи чораларнинг оқибатлари учинчи давлатлар ва халқаро савдонинг ҳалол иштирокчиларига асоссиз равишда тарқалмаслиги керак деб ҳисоблашини маълум қилган.
Маълумот учун, Россияга қарши чекловларни айланиб ўтишдаги гумонлар сабабли учинчи давлатлар компаниялари ҳам халқаро санкцияларга учрай бошлади. Хусусан, Европа Иттифоқи ўзининг 20-санкциялар пакети доирасида Бишкекда рўйхатдан ўтган “TengriCoin” криптоплатформаси, “Керемет Банк” ва “Капитал Банк”ка нисбатан чекловлар жорий қилган. Бундан ташқари, республикага сонли дастурли бошқарувга эга металл кесиш станоклари ва мураккаб коммуникация ускуналарини етказиб бериш бутунлай тақиқланган.
2024 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда АҚШ, Буюк Британия, ЕИ ва Канаданинг турли чекловчи чоралари остига Қирғизистоннинг бир нечта тижорат тузилмалари тушиб улгурган. Улар қаторида “Марказий Осиё Капитал Банки”, “Толубай” ва “Евроосиё жамғарма банки”, “A7” тўлов платформаси, “Grinex” ва “Meer” криптобиржалари бор. Халқаро ҳамкорлар республиканинг хусусий компанияларига нисбатан илк санкцияларни 2024 йилнинг июнь ойида қўллаган.
Қирғизистон расмийлари маҳаллий банкларга нисбатан санкцияларнинг қўлланилиши мутлақо асоссиз эканлигини бир неча бор таъкидлаган. Президент Садир Жапаров БМТ минбаридан туриб Ғарбни республикага нисбатан иқтисодий чекловлар учун танқид қилган. Мамлакат раҳбари бундай қадамларни давлатнинг ички ишларига тўғридан тўғри аралашиш ва эндигина шаклланаётган миллий иқтисодиёт ривожланишига жиддий тўсқинлик қилувчи босим деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия “Россия санкцияларни айланиб ўтиш учун фойдаланаётган” 15 та компания ва уч нафар жисмоний шахсга нисбатан санкциялар жорий қилганди. Улар орасида Қирғизистон компаниялари ҳам бор эди.
Live
Барчаси