Сурхондарёда ун маҳсулотини ноқонуний сотган корхонага чора кўрилди

3-саҳифа

image
205 тонна ун маҳсулотини биржа савдоларисиз 634 миллион сўмга сотган корхонага нисбатан тегишли таъсир чораси қўлланилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Қўмитанинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида “Denov oltin don” МЧЖ томонидан 2025 йил октябрдан 2026 йил 31 мартга қадар Жамғарма ҳисобидан биржа савдолари орқали сотиб олинган 273 тонна буғдойдан белгиланган норма асосида ишлаб чиқарилиши лозим бўлган 205 тонна ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйилмасдан, тўғридан-тўғри экспорт шартномаси асосида жами 634 миллион сўмдан ортиқ маблағга сотилганлиги аниқланган.
 
Қўмитанинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 29-моддасида биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш тақиқланган.

Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш тақиқланади.

Билдирилишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши аломатлари билан “Denov oltin don” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси бўйича белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилган.
Шу билан бирга, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи 6 та компания субъекти юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига қўймасдан, жами 8 миллиард сўмдан ортиқ қийматли савдони давлат назоратисиз амалга оширгани аниқланган эди.
 

Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё ноқонуний савдо Рақобат қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг