Исроил кўчманчиларнинг фаластинликларга қарши хужумини қўллаяпти – БМТ
Олам
−
09 Июнь 2047 2 дақиқа
БМТ комиссияси Исроил ҳокимиятлари ва хавфсизлик кучларини Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши кўчманчилар ҳужумларини қўллаб-қувватлашда айблади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
БМТнинг Оккупация қилинган Фаластин ҳудудлари бўйича тергов комиссияси ҳисоботида Исроил ҳокимиятлари молиявий ва ҳарбий ёрдам орқали кўчманчилар ҳужумларига шароит яратиб бергани, хавфсизлик кучлари эса кўп ҳолларда уларга ҳамроҳлик қилиб, ҳимоя қилгани айтилган.
Ҳисоботга кўра, 2023 йилдан бери Фаластин қишлоқлари ва қишлоқ хўжалиги ерларига қарши ҳужумлар 130 фоизга ошган. БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили камида 7 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 832 киши яраланган.
“Исроил хавфсизлик кучларининг кўчманчилар ҳужумларида иштирокининг кучайиши амалда кўчманчилар ва аскарлар ўртасидаги фарқ йўқолиб бораётганини англатади”, дейилган ҳисоботда.
Комиссия фикрича, бу каби зўравонликлар фаластинликларни ўз ерларидан сиқиб чиқариш ва Фаластин ҳудудларини аннексия қилиш сиёсатига хизмат қилмоқда.
Ҳисоботда кўчманчилар томонидан фаластинлик болаларни ўғирлаш, калтаклаш ва қўрқитиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Жумладан, 2025 йил апрелида 12 ёшли қиз ва унинг 3 ёшли укаси пичоқ таҳдиди остида ўғирлаб кетилиб, дарахтга боғлаб қўйилгани айтилган.
“Исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликларга қарши ҳар кунлик ҳужумлари мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир ва улар тўхтатилиши керак”, деган Комиссия раиси Муралидхар.
Ҳисоботда ҲАМАС томонидан содир этилган қонунбузарликларга ҳам эътибор қаратилган. Комиссия 2024–2025 йилларда ҳужжатлаштирилган 249 та қатл ва оғир зўравонлик ҳолатларидан камида 60 тасида ҲАМАС билан боғлиқ кучлар иштирок этганини маълум қилган.
Шунингдек, комиссия 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ва бошқа қуролли гуруҳларнинг Исроилга ҳужумларини ҳарбий жиноят деб баҳолаган. Аввалги ҳисоботларида эса Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари геноцид аломатларига эга эканини билдирган. Исроил бу айбловларни рад этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 7 ойлик фаластинлик чақалоқ Ғарбий Соҳилнинг Хеврон шаҳри яқинидаги Тел-Румей ҳудудида Исроил кучлари томонидан автомобилга ўқ узилиши оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси