Украинадаги уруш бошқа давлатларга ҳам тарқаляпти – Фидан
Олам
−
09 Июнь 2840 2 дақиқа
Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидан Украинадаги жанговар ҳаракатлар миналар ва автоном қурилмалар етиб борадиган бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олаётганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда у Истанбулда Туркия, Озарбайжон ва Грузия Ташқи ишлар вазирларининг ўнинчи уч томонлама учрашуви якунлари бўйича берган баёнотида маълум қилди.
“Уруш ҳозир географик жиҳатдан кенгаймоқда. Биз кўряпмизки, урушаётган томонлар фойдаланадиган қурол-яроғ ва ўқ-дорилар Болтиқбўйи мамлакатларида пайдо бўлмоқда. Биз Руминияда нима бўлаётганини кўряпмиз. Биз миналар ва автоном қурилмалар Туркия бўғозларига етиб бораётганини кўряпмиз. Буларнинг барчаси уруш давом этаётганда географик жиҳатдан қандай тарқалаётганини яққол намоён этад”, дейди у.
Фидан, шунингдек, Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар контекстида томонлар ҳозирда мавжуд ҳарбий муносабатларни ўзгартириш учун тобора кўпроқ турли нишонларга зарба беришга интилмоқда деган фикрни илгари сурган.
“Мақсадлар, инфратузилма бўйича деярли ҳеч қандай чекловлар қолмади. Бу урушнинг ҳалокатли таъсирини кўрсатади”, дейди у.
Фидан аввалроқ Туркия уруш кетаётган пайтда томонларнинг маълум жиҳатларга нисбатан эҳтиёткор бўлишини таъминлайдиган формулаларни таклиф қилганини эслатди.
“Хабарингиз бор, Туркия Қора денгиз дон битими ташаббуси билан чиқди. Президентимиз бу масалага катта аҳамият берди. Бу келишувлар бир мунча вақт давомида амалга оширилди ва тарихий муваффақиятга эришди”, дея қўшимча қилди Туркия ташқи идораси раҳбари.
Шунингдек, у урушнинг географик тарқалиши туфайли Қора денгизда кема қатнови хавфсизлигига путур етаётгани, бу эса барчани ташвишга солаётганига эътибор қаратди.
“Бошқарилмайдиган дронлар, ракеталар, нишонларни таснифлаш ва аниқлашдаги хатолар фожиаларга олиб келиши мумкинлиги ҳақиқат. Шунинг учун балиқ овлаш кемалари ҳам, транспорт кемалари ҳам бизнинг тегишли муассасаларимиз билан, шу жумладан ҳудудий сувларда ҳам мувофиқлаштирилган ҳолда ҳаракат қилиши жуда муҳимдир. Бу ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳукуматимиз бу масалани жуда диққат билан кузатиб бормоқда”, дейди Фидан.
Унинг қўшимча қилишича, бу чақириқларга энг яхши жавоб муаммони тубдан ҳал қилиш бўлади, шунинг учун Туркия Украина йўналишида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга катта аҳамият беради.
Live
Барчаси