Сунъий интеллект ёрдамида илк вакцина яратилди

Саломатлик

image

Кембриж университети олимлари сунъий интеллект ёрдамида яратилган дунёдаги илк вакцинани одамлар иштирокида синовдан ўтказди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Тадқиқотчилар ушбу ишланма нафақат COVID-19 нинг барча вариантларига, балки келажакда пандемияга сабаб бўлиши мумкин бўлган янги коронавирусларга ҳам қарши ҳимоя яратишга хизмат қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Тадқиқот муаллифларига кўра, вакцинанинг асосий таркибий қисми бўлган антиген илк бор тўлиқ сунъий интеллект томонидан ишлаб чиқилган. Бунинг учун олимлар турли коронавирусларнинг генетик маълумотларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилган. Натижада вирусларнинг кенг доирасига қарши иммун жавоб ҳосил қила оладиган махсус “супер-антиген” яратилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, анъанавий вакциналар одатда вируснинг маълум бир штаммига қарши ишлаб чиқилади ва вирус мутацияга учраган сари уларни янгилаб боришга тўғри келади. Янги технология эса вирусларнинг келажакдаги ўзгаришларини ҳам ҳисобга олиб, кенг қамровли ҳимоя яратишни мақсад қилган.

Дастлабки клиник синовларда 39 нафар кўнгилли иштирок этган. Тадқиқотчилар вакцина хавфсиз эканини маълум қилган бўлса-да, унинг иммун тизимига таъсири ҳозирча мўтадил даражада экани қайд этилган. Айни пайтда вакцинанинг самарадорлигини чуқурроқ баҳолаш учун 200 га яқин иштирокчини қамраб олган иккинчи босқич синовлари давом этмоқда.

Лойиҳа раҳбарларидан бири, Кембриж университети профессори Жонатан Ҳинининг айтишича, янги ёндашув вируслар ортидан қувиш ўрнига, эҳтимолий пандемияларнинг олдини олишга қаратилган.

“Бу пандемияларга тайёргарлик кўриш усулимиздаги туб бурилишдир”, дейди Жонатан Ҳини.

Олимлар аллақачон шу технология асосида универсал мавсумий грипп вакцинаси, H5N1 қуш гриппига қарши препаратни ҳамда Эбола вирусининг турли турларига қарши вакциналарни ишлаб чиқиш устида ишламоқда.

Тадқиқот натижалари илмий доираларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мутахассислар сунъий интеллект келажакда вакциналарни яратиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириши, янги инфекцияларга қарши курашда муҳим воситага айланиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект тарихий архивларда сақланаётган юзлаб, ҳатто минглаб йиллар давомида ўқилмаган махфий қўлёзмаларни ечишда фойдаланилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Тадқиқотчилар Ватикан кутубхонасидаги “Borg cipher” деб номланувчи 408 саҳифалик 400 йилдан ортиқ вақт давомида ўқилмай келган қўлёзмани СИ ёрдамида шифрини қисман ечишга муваффақ бўлган ва унда ўша даврга хос тиббий “даволаш усуллари” ёзилгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

вакцина Сунъий интеллект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг