ЕИ Ўзбекистон ва Қозоғистонда қочқинлар маркази қурмоқчи – “Politico”

Жамият

image

Европа Иттифоқи Европада бошпана берилиши рад этилган мигрантлар учун махсус марказлар ташкил этиш бўйича ўндан ортиқ давлатлар билан музокаралар бошламоқчи. Бу ҳақда исми сир қолишини сўраган уч нафар ЕИ дипломатига таяниб, “Politico” нашри хабар берди.  

Уларнинг сўзларига кўра, эҳтимолий шериклар қаторида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бор. Бу мамлакатларда бошпана бериш рад этилганидан кейин мигрантларни чиқариб юбориш мумкин бўлган марказлар, шунингдек, ЕИдан бошпана сўраб қилинган аризаларни кўриб чиқиш майдончалари ташкил этилиши мумкин. 

Нидерландия, Австрия, Дания, Германия ва Греция бу каби марказларни ҳамда аризаларни қайта ишлайдиган ташқи пунктларни яратиш устида биргаликда ишламоқда. Бунинг эвазига лойиҳада иштирок этувчи мамлакатларга ривожланиш учун ёрдам маблағлари ёки виза режимини либераллаштириш (енгиллаштириш) таклиф қилиниши мумкин. Дипломатлардан бирининг тушунтиришича, бу иккала томон учун ҳам фойдали қарор сифатида қабул қилиниши керак.

Нидерландия ҳукумати парламентга ҳуқуқий экспертиза натижаларини маълум қилиб бўлган. Унга кўра, бошпана сўраб берилган аризаларни ЕИ ҳудудидан ташқарида кўриб чиқишга ҳам, ЕИда қолиш ҳуқуқини йўқотган мигрантларни репатриация (орқага қайтариш) марказларига депортация қилишга ҳам ҳеч қандай ҳуқуқий тўсиқлар аниқланмаган. “Politico” нашри танишиб чиққан Нидерландия ҳукуматининг мактубида айтилишича, Гаага амалий қадамларга ўтиш ниятида. Дипломатлардан бирининг сўзларига кўра, аниқ бир келишув ҳақидаги баёнот яқин 6–7 ой ичида эълон қилиниши мумкин.

“Бутун Европа бўйлаб фуқаролар миграция оқимлари устидан назоратни тиклашга имкон берадиган самарали қарорларни талаб қилмоқдалар. Бундай ечимлар аста-секин шаклланиб бормоқда ва ўзларининг ҳуқуқий жиҳатдан асосли эканлигини исботлаб бўлди”, дейди Нидерландиянинг Бошпана ва миграция масалалари бўйича вазири Барт ван ден Бринк. 

Расмий равишда Европа пойтахтлари эҳтимолий давлатлар номларини оммавий равишда тилга олмасликка ҳаракат қилмоқда. “Politico” нашрининг қайд этишича, ЕИ ҳукуматлари Буюк Британиянинг Руанда билан боғлиқ лойиҳаси ва Италиянинг Албания билан тузган, ҳуқуқий муаммоларга дуч келган схемаси атрофида кузатилган машмашалар такрорланишидан қўрқади. ЕИ дипломатларидан бири йил якунига қадар “лойиҳанинг аниқ контури (режаси)” яратилиши кўзда тутилганини маълум қилган.

Ташқи марказларни ташкил этиш бўйича муҳокамалар мигрантларни депортация қилиш тўғрисидаги ЕИнинг янги регламенти (қоидалари) бўйича музокараларнинг якуний босқичи билан параллел равишда олиб борилмоқда. Журнал маълумотларига кўра, Франция ва Германия ушбу марказлар механизми регламент узил-кесил тасдиқланиши билан зудликла амалиётга татбиқ этилишини талаб қилмоқда.

Миграция бўйича Европа комиссари Магнус Бруннернинг айтишича, Европа фуқаролари ЕИни тарк этиш кўрсатмаси берилган мигрантларнинг атиги 28 фоизи ўз мамлакатларига қайтарилаётганидан норози. Бошпана изловчиларни жойлаштириш марказларининг аксарияти лим-лим тўлган. Нидерландия аллақачон қочқинларни қабул қилиш инқирозининг кучайишига дуч келган. Май ойида Тер-Апелдаги бошпана изловчиларни жойлаштириш маркази тўлиб кетган ва ўнлаб одамлар кўчада тунашга мажбур бўлган. Мамлакат бўйлаб расмийларнинг миграция сиёсатига ва бошпана изловчиларнинг жойлаштирилишига қарши норозилик намойишлари тўлқини ёпирилиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австрия афғонистонликларни Ўзбекистон орқали депортация қилишни кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилган эди. йилнинг октябрь ойида эса Нидерландия нашрлари мамлакат ҳукумати афғон қочқинларини Ўзбекистонга юбориш ниятида экани ҳақида ёзганди. Шунингдек, ўшанда Германия Ўзбекистонни афғон қочқинларини қабул қилишга кўндиргани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант Европа Иттифоқи қочқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг