Франция Россия танкерини ушлаб қолди (видео)
Олам
−
01 Июнь 3565 2 дақиқа
Франция Ҳарбий-денгиз кучлари бугун, 1 июнь куни Атлантика океанида, Франциянинг Бретан соҳилларидан тахминан 740 километр ғарбда Россия нефть савдоси билан боғлиқ санкция остидаги танкерини тўхтатиб, уни Франция қирғоқларига йўналтирди. Операция халқаро сувларда амалга оширилган бўлиб, кемага махсус кучлар вертолётлар орқали туширилган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Франция Президенти Эммануэль Макрон ушбу операция видеосини ижтимоий тармоқларда эълон қилиб, танкер Россиянинг “соя флоти” таркибига кириши ва санкцияларни четлаб ўтишда гумон қилинаётганини маълум қилган.
Франция расмийларига кўра, танкер Россиянинг Мурманск портидан йўлга чиққан ва сохта байроқ – Мадагаскар байроғи остида ҳаракатланган бўлиши мумкин. Текширув давомида кема ҳужжатларида қонунбузарлик аломатлари аниқлангани билдирилган.
Мазкур танкер Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун ишлатилаётган Россиянинг “соя флоти” тизимига алоқадор бўлиши мумкинлиги билан аҳамиятли ҳисобланади. Франция ва Буюк Британия бундай кемаларга қарши чораларни кучайтириб бормоқда.
Россия томони эса ушбу ҳаракатни ноқонуний деб атаб, уни “халқаро қароқчилик” деб баҳолади ва юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш учун жавоб чораларини кўришини билдирди.
Ҳозирда танкер Франция ҳарбий-денгиз кучлари кузатуви остида мамлакат шимоли-ғарбий қирғоқлари томон олиб кетилмоқда.
Маълумот учун, “соя флоти” кемалари – бу одатда санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатиладиган танкерлар гуруҳи бўлиб, улар нефть ва газ ташиш билан шуғулланади. Лекин расмий ҳужжатларда уларнинг эгаси ёки келиб чиқиши яширилган бўлиши мумкин. Бундай кемалар кўпинча эски бўлади ва турли давлатлар байроқлари остида рўйхатдан ўтказилади. Уларнинг асосий вазифаси – чекловларга қарамай нефть савдосини давом эттириш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа давлатлари Россиянинг “соя флоти”га тегишли танкерларни мусодара қилиш имкониятини муҳокама қилган эди. Маълумотларга кўра, Буюк Британия мудофаа вазири Жон Ҳили ва бошқа Европа давлатлари вакиллари бу масалани Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида кўриб чиққан. Таклифлар орасида кемаларни қўшма ҳарбий операциялар орқали қўлга олиш вариантлари ҳам бўлган.
Live
БарчасиПашиняннинг қуши учмади
03 Июнь