Матёқуб Матчонов ва Раъно Ярашева ҳам Ўзбекистон халқ артисти бўлди
Маданият-санъат
−
28 Май 7934 3 дақиқа
Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси, киноактёр Матёқуб Матчонов ва Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Раъно Ярашева Ўзбекистон Республикаси халқ артисти бўлди. Бу ҳақда бугун, 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Шунингдек, ушбу фармон билан Ички ишлар вазирлигининг маданият саройи бадиий раҳбари, актёр Учқун Тўраевич Тиллаев ва Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли артист-созандаси Абдураҳмон Акбарович Холтожиев ҳам “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан мукофотланди.
Маълумот учун, Матёқуб Матчонов 1956 йил 26 ноябрда Тошкентда таваллуд топган. У мактабни тугатиб актёр бўлиш орзусида Тошкент театр ва рассомчилик олийгоҳига кирган. Илк бор 1980 йилда суратга олинган “Даҳонинг ёшлиги” фильмида суратга тушган. Ўқишни тугатиб фаолиятини 1985 йилда “Ёш Гвардия” номидаги театрида бошлаган. Актёр сифатида “Бозор кўрмаган йигит” фильмида ролидан кейин у комик актёр сифатида мухлисларнинг эътиборини қозонган. Шунингдек, у “Шабнам”, “Тилим қурсин”, “Менинг акам бўйдоқ”, “Энди дадам бўйдоқ”, “Сотқин” каби фильмлардаги роллари билан машҳур. Матчонов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони ҳамда 2016 йили Дўстлик ордени билан тақдирланган.
Раъно Ярашева 1961 йил 15 февраль куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилган. Ўзбек театр ва кино актрисаси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист. Ўз фаолиятини дастлаб, театр саҳнасида пардозчи вазифасида бошлаган. Икки нафар фарзанднинг онаси. Актриса оилада 4 ўғилдан сўнг 5-фарзанд бўлган. Ёшлигидан театрда роль ўйнашни орзу қилган ушбу истеъдод эгаси 23-ёшида Тошкент театр ва рассомчилик олийгоҳига ўқишга киради. Ўқишни тамомлагач, даставвал, Ўзбек миллий академик драмма театрида пардозчи-гримёр сифатида ўз фаолиятини бошлайди. Бир неча йил ўтиб у, ушбу театрда “Ёрқиной” номли спектаклда ўзининг илк ролини ижро этади. Шундан кейин у, бирин-кетин турли фимларда қатнаша бошлайди. Раъно Ярашева “Меҳробдан чаён”, “Соҳибқирон” ва “Увайсий” тарихий фимлардаги роллари билан ўзбек халқи орасида танила бошлайди. Бугунги кунгача актриса 20 дан ошиқ фильм ва спектаклларда иштирок этган. Ўзининг актрисалик фаолияти орқали 1999 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланади. Ҳозирги кунда ижодкор ўз фаолиятини Ёдгор Сагдиев бошчилигидаги Ўзбек миллий академик драма театрида давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу фармон билан Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Ғиёс Бойтаев ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси Рустамжон Ғоипов ҳам Ўзбекистон Республикаси халқ артисти бўлди.
Live
Барчаси