Кушербоев “заправка”га қарши ёхуд нақд пул тақиқини суд қандай баҳолайди?

Таҳлил

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маслаҳатчиси Расул Кушербоев ёнилғи қуйиш шаҳобчасида нақд пулда тўлов қабул қилинмагани ортидан Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига мурожаат қилди. Бугун, 26 май куни мазкур иш бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. QALAMPIR.UZ муҳбири мазкур суд жараёнига қатнашди.

Кушербоевнинг даъвоси АЁҚШларда ва бошқа тадбиркорлик объектларида фақат карта ёки электрон тўлов эмас, балки нақд пул орқали ҳам ҳисоб-китоб қилиш имкони бўлиши кераклигига қаратилган.

Суд мажлисида даъвогар томон қўшимча даъво аризаси киритди. Унга кўра, маънавий зарар сифатида 1 сўм ундириш сўралди. Раислик қилувчи судья Шахноза Ибрагимова ушбу илтимосномани қаноатлантирди.

Жавобгар томон “Las and Group” МЧЖ вакили судда онлайн тўлов тизимини ўз ташаббуси билан жорий этмаганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, юқори турувчи ташкилотлар томонидан нақд пулда савдо қилмаслик қатъий талаб қилинган ва бу бўйича розилик хатлари ҳам олинган.

Шунингдек, МЧЖ вакили нақд пул қабул қилиш учун мўлжалланган касса тизими Солиқ қўмитаси томонидан блокланганини айтди. Унинг таъкидлашича, тадбиркор хоҳлаган тақдирда ҳам нақд пул орқали савдо қилиш имконига эга эмас.

Кушербоев вазиятга ойдинлик киритиш ва масалага холис баҳо бериш мақсадида бир қатор давлат идоралари вакилларини судга чақиришни сўради. Хусусан, Ўзэнергоинспекция, Солиқ қўмитаси, Бизнес-омбудсман ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бериш учун вакил чақиртириш сўралди.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб АЁҚШлар орқали нефть-газ маҳсулотлари сотиш ва электромобилларни қувватлаш хизматлари фақат банк картаси ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланган.

Судья Шахноза Ибрагимова мазкур илтимосномани қаноатлантириб, суд мажлисида танаффус эълон қилди. Навбатдаги жараён 3 июнь кунига белгиланди.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг