Путин Хитойга етиб борди (видео)

Олам

image

Бугун, 19 май куни Россия Президенти Владимир Путин Россия-Хитой ўртасидаги Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг 25 йиллиги муносабати билан Пекинга расмий ташриф билан борди. Аэропортда уни Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И кутиб олди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Қайд этилишича, асосий ишчи дастур эртага, 20 май кунига режалаштирилган. У марказий Тяньаньмэнь майдонида Россия делегациясини тантанали кутиб олиш маросими билан бошланади. Шундан сўнг, Халқ йиғинлари залида Путиннинг Хитой етакчиси билан музокаралари бўлиб ўтади.

Томонлар ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот имзолайди. Умумий ҳисобда саноат, савдо, транспорт, қурилиш, атом энергетикаси, шунингдек, таълим, кинематография соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ахборот агентликлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган 40 га яқин ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича етакчилар ОАВ учун баёнот беради. Шу куни кечроқ Путин ва Си Цзиньпин таълим соҳасидаги Россия-Хитой ҳамкорлигининг “ўзаро йиллари” очилиш маросимида иштирок этади. Шунингдек, Путин Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян билан алоҳида савдо-иқтисодий масалаларни муҳокама қилади. 

20 май оқшомда Си Цзиньпин номидан тантанали қабул маросими бўлиб ўтади, дастурнинг якуний қисми эса Путиннинг ХХР Раиси билан чой устидаги суҳбати бўлади. Кремлга кўра, ушбу норасмий учрашув ташрифнинг энг муҳим тадбирларидан бири бўлади – раҳбарлар энг муҳим мавзулар ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни дўстона ҳамда очиқ тарзда муҳокама қилиш имкониятига эга бўлади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин Хитойга ташрифи арафасида ушбу мамлакат халқига мурожаат қилган эди. Россия етакчиси икки давлат вакилларининг мунтазам ўзаро ташрифлари муҳимлигини таъкидлаб, Россия ва Хитой ўртасидаги қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллигига тўхталган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг