Круиз кемасида хавфли ҳантавирус: йўловчилар эвакуация қилинди 

Олам

image

MV Hondius бортида ҳантавирус тарқалиши билан боғлиқ ҳолат ортидан бир нечта йўловчи эвакуация қилиниб, халқаро миқёсда тиббий назорат кучайтирилди. Oceanwide Expeditions оператори маълумотига кўра, оғир аҳволда бўлган икки нафар йўловчи Нидерландияга етказилиб, шифохонада даволанишни давом эттирмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди. 

Кема Ғарбий Африка қирғоқлари яқинидаги Кабо-Верде атрофида бир неча кун лангарда турганидан сўнг, Испаниянинг Канар ороллари томон йўл олган. Эвакуация қилинган йўловчилар орасида британиялик, голландиялик ва германиялик фуқаролар бор. Улардан бири 56 ёшли собиқ британиялик полициячи Мартин Ансти экани аниқланган бўлиб, у Нидерландияда “барқарор аҳволда” деб баҳоланмоқда. Шунингдек, 41 ёшли голландиялик экипаж аъзоси ҳам эвакуация қилинган. 

Oceanwide Expeditions маълумотига кўра, 65 ёшли немис йўловчи эвакуация жараёнидан олдин кема бортида вафот этган аёл билан яқин алоқада бўлган. 

Голландия оммавий ахборот воситалари KLM стюардессаси ҳантавирус аломатлари билан Амстердамдаги шифохонага ётқизилганини ҳам хабар қилган. Кейинчалик 69 ёшли аёлнинг вафоти қайд этилган ва унинг ўлими Жанубий Африка соғлиқни сақлаш идоралари томонидан ҳантавирус билан боғлиқ гумонли ҳолат сифатида текширилмоқда. 

Бундан ташқари, кема Аргентинадан жўнаб кетганидан бери бортда бўлган яна уч нафар йўловчининг ҳам вафот этгани маълум қилинган. 

Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Швейцарияга қайтган бир эркакда ҳантавирус аниқланганини ва у Цюрихдаги шифохонада даволанаётганини тасдиқлаган. ЖССТ маълумотига кўра, бемор кема операторидан келган огоҳлантириш хабарига жавоб берганидан сўнг ҳолат аниқланган. “Oceanwide Expeditions” берган сўнгги маълумотга кўра, MV Hondius бортида 23 мамлакатдан жами 146 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари қатъий эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда кузатув остида қолмоқда. ЖССТ эса ҳозиргача 8 та ҳантавирус ҳолати қайд этилганини, улардан 3 таси тасдиқланган, 5 таси эса гумон қилинаётганини билдирган.

Жанубий Африка соғлиқни сақлаш идоралари эса кеманинг келиб чиққан ҳудудида кенг тарқалган Андес ҳантавирус штамми икки беморда аниқланганини маълум қилди. Мутахассислар аввалги эпидемияларда ушбу штаммнинг одамлар орасида юқиш ҳолатлари қайд этилганини таъкидламоқда. Испания расмийлари кеманинг Канар оролларига киришига розилик берган бўлса-да, маҳаллий ҳокимият бу қарорга эҳтиёткорлик билан ёндашган. 

ЖССТ мутахассислари эса ҳантавирус COVID-19 ёки гриппдан фарқли равишда асосан бевосита яқин контакт орқали юқишини, вазият қатъий назорат остида эканини билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Атлантика океани бўйлаб круиз саёҳати чоғида MV Hondius бортида ҳантавирус тарқалиши оқибатида уч нафар сайёҳ вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Зарнигор Худойбердиева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

эвакуация ҳантавирус Круиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг