Пулитцер мукофоти ғолиблари эълон қилинди
Бу қизиқ
−
07 Май 1568 2 дақиқа
Пулитцер мукофоти кенгаши 2026 йилги ғолибларни маълум қилди. Бу ҳақдаги маълумот мукофотнинг расмий сайтида эълон қилинди.
“Жамиятга хизматлари учун” йўналишидаги асосий мукофот АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан федерал идораларда ўтказилган тартибсиз ислоҳотлар ва иш ўринлари қисқартирилиши оқибатларини ёритгани учун “The Washington Post” газетасига берилган. “Тезкор хабарларни ёритиш” номинациясида икки нафар бола ҳалок бўлган ва 17 киши яраланган католик мактабидаги отишма ҳақидаги репортажлари учун “The Minnesota Star Tribune” жамоаси ғолиб чиқди.
“Журналистик суриштирув” учун мукофот “The New York Times” ходимларига насиб этди. Нашр журналистлари Трамп манфаатлар тўқнашуви бўйича чекловларни қандай бузгани ҳамда ўз оиласи ва шерикларини бойитиш учун хизмат мавқеидан фойдалангани ҳақида ҳикоя қилган.
“Маҳаллий репортажлар” тоифасида бирйўла иккита мукофот берилди: биринчиси “The Connecticut Mirror” (Дейв Алтимари ва Жинни Монк) ҳамда “ProPublica” (Софи Чоу ва Хару Корин) дуэтига, иккинчиси эса Трамп маъмуриятининг Чикагодаги ҳарбийлаштирилган иммиграция операциясини ёритган “Chicago Tribune” жамоасига берилди.
“Миллий янгиликлар” номинациясида “Reuters” жамоаси (Нед Паркер, Линда Со, Питер Эйслер ва Майк Спектор) ғолиб бўлди. Улар Президент ўз ижро ҳокимиятини кенгайтириш ва рақибларидан ўч олиш учун АҚШ ҳукумати ҳамда ўз тарафдорлари таъсиридан қандай фойдаланганини ҳужжатлаштиришган. “Халқаро журналистика” йўналишида эса Силикон водийсида яратилган ва бутун дунё бўйлаб тарқалаётган оммавий кузатув воситалари ҳақидаги суриштируви учун “Associated Press” мухбирлари энг яхши деб топилган.
Махсус мукофот билан 2017–2018 йилларда молиячи Жеффри Эпштейн ҳақидаги репортажлар туркуми учун “Miami Herald” журналисти Жули Браун тақдирланган.
Маълумот учун, Пулитцер мукофоти журналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири ҳисобланади. Мукофот ҳар йили 20 та тоифа бўйича топширилади. Ғолибларни Колумбия университети ҳакамлар ҳайъати аниқлайди.
Live
Барчаси