Дунёнинг биринчи рақамли ракеткаси теннисни бойкот қилмоқчи
Спорт
−
05 Май 4847 2 дақиқа
Дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси, беларуслик Арина Соболенко аёл теннисчилар учун мукофот пуллари улуши оширилмаса, турнирларни бойкот қилиш эҳтимоли борлигини маълум қилди. Бу ҳақда Соболенко Римдаги WTA 1000 доирасида ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
“Рақамлар ва ўйинчилар оладиган улушни кўрсангиз, бизсиз бундай турнир ҳам, томоша ҳам бўлмас эди. Мен мукофот пулининг юқори фоизига лойиқмиз, деб ҳисоблайман. Умид қиламанки, музокаралар натижасида барчани қониқтирадиган ечим топилади. Акс ҳолда, бир пайт келиб бойкот эълон қилишимиз мумкин. Бу – ўз ҳуқуқларимиз учун курашишнинг ягона йўли”, дейди Соболенко.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги даврда аёл теннисчилар осонлик билан бирлашиб, ўз талабларини илгари сура олади, чунки айрим масалалар ўйинчилар учун адолатсиз.
Маълумот учун, 28 ёшли Соболенко фаолияти давомида 24 та WTA Tour мусобақасида ғолиб чиққан. У, жумладан, икки бор “Australian Open” ва икки бор “US Open” яккалик баҳсларида чемпион бўлган. Беларуслик теннисчи фаолияти давомида қарийб 50 миллион доллар мукофот пули ишлаб топган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соболенко ва дунёнинг етакчи 20 нафар теннисчиси “Ролан Гаррос” ташкилотчиларга мукофот жамғармаси кам оширилгани юзасидан танқидий мактуб йўллаган эди. Жорий йилнинг апрель ойида ташкилотчилар соврин жамғармаси 2025 йилга нисбатан 9,53 фоизга ошиб, 61,7 миллион еврога етишини эълон қилди. Яккалик баҳслари ғолиблари 2,8 миллион евро, финалчилар эса 1,4 миллион евро олади.
Live
Барчаси