Эронда намойишларда қатнашган 3 киши қатл этилди
Олам
−
04 Май 3295 2 дақиқа
Эрон ҳукумати жорий йил январь ойида бўлиб ўтган ҳукуматга қарши намойишлар билан боғлиқ айбловлар бўйича уч нафар эркакни қатл этди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, Меҳди Расулий, Муҳаммад Ризо Мири ва Иброҳим Дўлатободий Машҳад шаҳридаги тартибсизликларда иштирок этганликда айбдор деб топилган. Суд ҳокимиятига қарашли ахборот манбаларида айтилишича, айбланувчилар хавфсизлик кучлари ходимининг ўлимига алоқадорликда гумон қилинган, шунингдек, улардан бири намойишларнинг ташкилотчиларидан бири сифатида кўрсатилган. Қатл жазолари қачон ва қаерда ижро этилгани расман аниқ айтилмаган. Бироқ айрим манбаларга кўра, икки нафар маҳкум Машҳад шаҳридаги Вакилабод қамоқхонасида дорга осилган.
Қайд этиш доиз, сўнгги ойларда Эронда қатл жазолари сони кескин ошгани кузатилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу ҳолатни мамлакат ичидаги норозилик кайфияти ва халқаро кескинликлар фонида жамиятда қўрқув уйғотишга қаратилган чора сифатида баҳолаган.
Эронда намойишлар 2025 йил декабрь ойида иқтисодий муаммолар ортидан бошланиб, қисқа вақт ичида бутун мамлакат бўйлаб ҳукуматга қарши чиқишларга айланган эди. Айниқса, 8-9 январь кунлари намойишлар энг юқори нуқтага чиқди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари маълумотига кўра, хавфсизлик кучлари томонидан амалга оширилган бостиришлар оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлган. Расмийлар эса намойишларни чет эл кучлари томонидан қўллаб-қувватланган тартибсизликлар сифатида баҳолаган.
Норвегияда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу шахсларни сиёсий маҳбуслар деб атаб, уларга нисбатан чиқарилган ҳукмларни адолатсиз суд жараёнлари натижаси, дея баҳоламоқда. Уларга кўра, айбланувчиларга нисбатан айбловлар қисқа муддатли суд жараёнларида, мажбурий иқрорлар асосида кўриб чиқилган.
Маълумотларга кўра, 2026 йил март ойидан буён Эронда камида 24 нафар сиёсий маҳбус қатл этилган. Халқаро ташкилотлар, жумладан, “Amnesty International” Эрон ҳукуматини қатл жазоларини тўхтатишга чақирган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, агар халқаро ҳамжамият томонидан қатъий чоралар кўрилмаса, мамлакатда қатл жазолари янада кўпайиши мумкин. Эрон эса қатл жазолари сони бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 май куни Эрон шимоли-ғарбидаги Ғарбий Озарбайжон вилоятида Исроил режимининг “Моссад” разведка хизматига жосуслик қилган Ёқуб Каримпур ва Носир Бекарзодалар қатл этилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси