Эрон Ҳормуз яқинидаги АҚШ ҳарбий кемасига зарба берди
Олам
−
04 Май 8006 2 дақиқа
Эрон ҳарбий-денгиз кучлари Америка ва Исроил кемаларининг Ҳормуз бўғози ҳудудига киришининг олдини олди. Бу ҳақда Ислом Республикаси армияси матбуот хизматига таяниб, IRNA хабар берди.
“Ислом Республикаси ҳарбий-денгиз кучлари қатъий ва тезкор огоҳлантириш билан душман Америка ва сионист эсминецларининг Ҳормуз бўғози ҳудудига киришига йўл қўймади”, дейилади хабарда.
“Fars” маълумотларига кўра, Ҳормуз бўғози яқинида АҚШ кемасига иккита ракета бориб теккан. Кемалар Эроннинг ўтиш тақиқлангани ҳақидаги огоҳлантиришига эътибор бермаган. Америка кемаси ҳужумдан кейин ҳудудни тарк этган.
АҚШ қўмондонлиги хабар ёзилаётган вақтда ўз кемаларига зарба берилгани ҳақидаги хабарларни на тасдиқлаган ва на инкор этган. Буюк Британия денгиз савдо амалиётлари бошқармаси (UKMTO, Британия ҲДКнинг Дубайдаги маркази) бугун, 4 май куни Ҳормуз бўғози ҳудудида ҳеч қандай ҳодиса ҳақида хабар бермаган.
Шу билан бирга, АҚШнинг юқори мартабали мулозими “Axios” журналисти Барак Равидга берган изоҳида АҚШ кемаси ракеталар ҳужумига учраганини рад этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп тижорат кемаларини Ҳормуз бўғози орқали кузатиб боришга қаратилган “Озодлик” операцияси бошланганини эълон қилган эди. Республикачи ушбу операцияни бошлаш ҳақидаги қарорни “инсонпарварлик акти” деб атаган.
АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон портларини денгиз орқали блокада қилишдан ташқари, бугун, 4 майдан бошлаб кемаларнинг бўғоз орқали ўтишини таъминлашни бошлашини маълум қилган.
Live
Барчаси