Ўзбекистон ОТБнинг “Осиё учун рақамли магистраль” ташаббусига қўшилади
Жамият
−
04 Май 1362 1 дақиқа
Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкининг “Осиё учун рақамли магистраль” ташаббусига қўшилади. Бу ҳақда бугун, 4 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтказилаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиғилишининг очилиш маросимида айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, бугун рақамли технология ва сунъий интеллект деярли барча соҳаларни мутлақо янги форматга олиб чиқмоқда. Жаҳон савдо ташкилоти прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, сунъий интеллект ҳисобига халқаро савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ошади.
Ўзбекистонда ҳам ахборот технологияларини ривожлантиришга жиддий киришилди. Инновация ва билимларга асосланган сунъий интеллект хабини ташкил қилиш бошланди. Иқтисодиёт тармоқларида 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари устида ишланмоқда.
Ҳудудларда дата марказлар, супер компьютерлар ва сунъий интеллект лабораторияларини кўпайтириш, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари”ни тайёрлаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда.
“Бу йўналишларда Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Корея ва Хитойдаги ҳамкорларимиз бизга яқиндан ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”, деган Мирзиёев.
Шунингдек, Мирзиёев Ўзбекистон банкнинг “Осиё учун рақамли магистраль” ташаббусига қўшилишини маълум қилган ҳамда Тошкентда унинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини очиш таклифини илгари сурган.
Live
Барчаси