Австрия афғонистонликларни Ўзбекистон орқали депортация қилмоқчи

Олам

image

Жорий йилнинг 7 май куни Австрия Ташқи ишлар вазири Беате Майнл-Райзингер ва Ички ишлар вазири Герхард Карнер “Мобиллик тўғрисидаги битим”ни имзолаш учун Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда “Die Presse” хабар берди.

Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг нашр сўровига берган жавобига кўра, ушбу мураккаб ном остида келгусида депортация масалаларида “яхшироқ ҳамкорлик қилиш” келишуви ётибди. Хусусан, Австрия ўз ватанига депортация қилиниши керак бўлган афғонистонликларни австриялик кузатувчилар ҳамроҳлигида қўшни Ўзбекистон орқали ўз манзилларига етказишни мақсад қилган. 

“Шу пайтгача Афғонистонга депортация қилиш фақат Истанбул аэропорти орқали амалга оширилар эди, энди эса Қобулга “иккинчи дарвоза” очилмоқда”, дейилади хабарда. 

Карнернинг сўзларига кўра, ушбу келишув билан “қатъий ва адолатли бошпана сиёсатининг бир қисми сифатида депортацияни изчил амалга ошириш учун шароит” яратилади. Битимда, шунингдек, Ўзбекистон орқали Европа Иттифоқига кириб борган ўз фуқароларини, учинчи давлат фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қайта қабул қилиш масалалари ҳам тартибга солинади. Австрия ва Европа Иттифоқининг яна тўртта давлати (Германия, Греция, Нидерландия ва Дания) биргаликда илгари сураётган рад этилган бошпана изловчилар учун махсус қайтариш марказлари (ҳозирча) келишувнинг бир қисми эмас.

Шу билан бирга, Майнл-Райзингер Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг қонуний иммиграция йўллари “мустаҳкам ҳуқуқий асосга” эга бўлишини айтган. 

“Ҳар икки томон ўз қоидаларига мувофиқ икки мамлакат ўртасида малакали ишчиларнинг хавфсиз, тартибли ва мунтазам ҳаракатланишини рағбатлантириш мажбуриятини олади”, дейилади бўлажак битимда. 

Ҳозирнинг ўзидаёқ ўзбекистонлик мутахассислар учун “Австрия меҳнат бозорига кириш учун кўплаб имкониятлар” мавжудлиги айтилмоқда.

Ўзбекистондан ташқари, ҳукуматнинг икки аъзоси келаси ҳафта Австрия учун айниқса энергетика соҳасида катта аҳамиятга эга бўлган Қозоғистонга ҳам ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг октябрь ойида Нидерландия нашрлари мамлакат ҳукумати афғон қочқинларини Ўзбекистонга юбориш ниятида экани ҳақида ёзган эди. Шунингдек, ўшанда Германия Ўзбекистонни афғон қочқинларини қабул қилишга кўндиргани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Австрия қочқин афғонистонлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг