Ўзбекистонлик аскарни қутқарган британиялик оила мукофотланди
Жамият
−
01 Май 9675 3 дақиқа
Иккинчи жаҳон урушида фашистлар концлагеридан қочиб чиққан ўзбекистонлик аскар Боқижон Акрамовга уйидан жой берган Буюк Британия фуқаролари – марҳум Жон ва Филлис Эмили Ле Бретон Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда бугун, 1 май куни Ўзбекистон Президентининг тегишли фармони имзоланди.
Унга кўра, Иккинчи жаҳон уруши даврида, ғоят таҳликали вазиятда, ўз ҳаётларини жиддий хавф-хатарга қўйиб бўлса-да, Жерси оролидаги фашистлар концлагеридан қочиб чиқишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик аскар Боқижон Акрамовга ўз уйидан жой бериб, унинг асраб қолгани ҳамда улкан жасорат ва инсонпарварлик фазилатларини намоён этгани, дунё халқлари ўртасида тинчлик, дўстлик ва биродарлик ғояларини тарғиб этишда алоҳида ўрнак кўрсатгани учун Буюк Британия фуқаролари – марҳум Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонлар Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотланади.
Боқижон Акрамов қандай омон қолган эди?
Филлис Эмили Ле Бретон ва унинг турмуш ўртоғи Жон немис асирлигидан қочган “Том”ни ўз уйларидаги махфий эшиклар ортида яширган. Томнинг асл исми – Боқижон Акрамов бўлиб, у Учинчи Рейх томонидан ҳарбий асир сифатида қўлга олинган. У босиб олинган Жерси оролига қул сифатида ишлаш учун олиб кетилган, бироқ у қочишга муваффақ бўлган ва Ле Бретонлар оиласи уни ўз ҳимоясига олган. Улар аскарни уйда яшириб, ўз ҳаётларини хавф остига қўйган. Аскар уйнинг бир қисмидан иккинчи қисмига ўтиш учун махфий эшикдан (пол остидаги туйнукдан) фойдаланган.

“Том” – Боқижон Акрамов Ле Бретонларнинг бешта ёш фарзандига эртаклар айтиб берган ва худди Анна Франк каби кундалик ёзган. Оила унга лақаб қўйган ва инглиз тилини ўргатган. Филлис ва Эмилининг 52 ёшли набираси Керолин Хорн ўз оиласи Томнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қилган жасоратидан чексиз фахрланишини айтади.

“У оиламизнинг аъзосига айланганди. Аммам уни ўзининг севимли амакиси – “Том амаки” деб аташганини айтиб берди. У бизга шундай танилган эди. Бувим Том ҳақида ҳар доим гапириб берарди. Бу уларнинг нақадар меҳрибон инсон бўлганини кўрсатади. Бу мен учун ғурур. Бу инқирозли давр эди ва немис аскарлари исталган вақтда уйга бостириб киришлари мумкин эди. Шунга қарамай, улар ҳатто танимаган одамига ёрдам бериш учун ўз ҳаётларини ва фарзандларининг ҳаётини хавфга қўйиб, уни ўз уйларида оила аъзосидек яшашига рухсат беришган. Уйда зина остида кичкина эшик ва унинг орқасида махфий туйнук бор эди – Том уйнинг бир томонидан иккинчи томонига айнан ўша орқали ўтарди”, дейди набира.

Ле Бретонлар Боқижон Акрамов ишончли одам бўлганини айтган.
“Биз бу одамга ишонганмиз, у ишониш мумкин бўлган инсон эди. Болалар уни яхши кўришарди ва у инглиз тилини бироз тушуна бошлагач, уларга эртаклар ўқиб берарди”, деган улар.

Боқижон Акрамовнинг саргузаштлари 1941 йилнинг июлида, ёш аскар ва бўйдоқ мактаб ўқитувчиси ўз мамлакатини немислар ҳужумидан ҳимоя қилган пайтдан бошланган. Атиги икки соат давом этган жангда унинг 12 000 нафар сафдоши ҳалок бўлган ва у кўплаб аскарлар қаторида ҳарбий асирга тушган.
Немис аскарлари минглаб одамларни тош карьерларида ишлаш ва қирғоқ мудофаа иншоотларини қуриш учун қулликга жалб қилган. Кейинчалик Боқижон Акрамов 2000 нафар бошқа асирлар билан бирга 1942 йилнинг июлида Жерсидаги Цент-Мало шаҳрига олиб борилади.
У оғир меҳнатга мажбурланган, бироқ қочишга муваффақ бўлган ва уни Цент-Мерида Ле Бретонлар оиласи тўрт нафар ёш фарзанди билан топиб олган. Оила хавотирда бўлган, шунинг учун агар болалар адашиб бирор гап айтиб қўйса, фош бўлиш хавфини камайтириш учун Боқижонга “Том” деб қайта исм берган.
Live
Барчаси