“Оқловга тенг”. Гулнора Каримова иши бўйича суд тўхтатилди 

3-саҳифа

image

Швейцария Федерал жиноий суди Ўзбекистоннинг Биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш бўйича суд жараёнини унинг Ўзбекистонни ўз вақтида тарк этишига рухсат берилмагани сабабли тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, суд мазкур жиноятлар бўйича даъво муддати тугагунга қадар бирор қарорга келиш имконсиз эканлигини билдирган. Бунгача ҳар қандай айбловларни рад этган Каримова пора олишда ва 2005—2013 йиллар давомида Швейцариядаги ҳисоб рақамларига юзлаб миллион долларларни йўналтирган “Офис” номли жиноий ташкилотга раҳбарлик қилишда айбланаётган эди.

“Швейцария Федерал жиноий суди томонидан мижозимиз Гулнора Каримова фойдасига чиқарилган бугунги қарор Швейцария қонунчилигига кўра оқловга тенгдир. Суд жараённи давом эттириш учун доимий тўсиқ мавжуд деб ҳисоблади”, дейди унинг адвокати Грегуар Манжеа.

Бунда Каримованинг суд мажлисида қатнаша олмаслиги назарда тутилган.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда 2028 йил декабригача қамоқ жазосини ўтамоқда. Швейцария Бош прокуратураси томонидан илгари сурилган айбловлар бўйича даъво муддати эса айнан ўша йили тугайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швейцариянинг Беллинцона шаҳридаги Федерал жиноий судда Гулнора Каримова устидан сиртқи суд жараёни бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Жараён 22 майга қадар давом этиши кутилаётганди.

Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017 йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.

Биринчи президентнинг қизи дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли колонияда жазо ўтаган. 2025 йил январь ойида унинг айнан шу вилоятдаги манзил-колонияга ўтказилгани маълум бўлди.  

2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Каримова ва унинг жиноий гуруҳининг Швейцариядаги активлари миқдори 686 миллион долларга баҳоланишини, Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатларда эса яна қарийб 1,4 миллиард доллар сақланаётганини маълум қилган эди. 2025 йил февралида Швейцария Ўзбекистонга 182 миллион долларни қайтариши эълон қилинди. Бу маблағлар Гулнора Каримовага қарши жиноят иши доирасида 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан мусодара қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд пора Гулнора Каримова пул ювиш Швейцария Федерал жиноий суди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг