Шавкат Мирзиёев “Каркидон” ҳудудидаги туристик мажмуа билан танишди
Жамият
−
27 Апрель 5887 2 дақиқа
Бугун, 27 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудида барпо этилган янги туризм мажмуасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу маскан Фарғона водийсида ёзги дам олиш, экотуризм ва фаол ҳордиқ чиқариш учун энг жозибадор манзиллардан бирига айланиши кутилмоқда.

Давлат раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, бу ерда қиймати 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси шакллантирилмоқда. Ҳудудда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
508 гектар майдонни эгаллаган мажмуа агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм имкониятларини бирлаштирган. Бу ерда 45 та шале, 57 та замонавий меҳмон уйи, агротуризм мажмуаси, гуллар боғи, лавандазор, экобозор, сокин ҳудудлар ва ресторанлар ташкил этилган.

Президент ҳудудда яратилган шароитлар билан танишар экан, бундай лойиҳалар аҳоли фаровонлиги, ҳудуд иқтисодиёти ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. Туризм мамлакатни дунёга танитиш, янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар экспортини кенгайтиришнинг самарали йўналишларидан бири экани қайд этилган.
Лойиҳа доирасида юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Йилига 750 минг нафар сайёҳни қабул қилиш, 3 миллиард сўмлик бюджет тушуми ҳамда 5 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш кўзда тутилган. Мажмуа 2027 йилдан тўлиқ қувватда ишга туширилади.

Келгусида бу ерда мотокросс майдонлари, 2 километрли дор йўли, картинг ва гольф майдонлари ташкил этилади. Бу имкониятлар “Каркидон” мажмуасини фаол туризм йўналишидаги флагман масканлардан бирига айлантиради.
Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, энг муҳими, аҳоли манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича топшириқлар берилган.

Ташриф давомида давлат раҳбари янги меҳмонхона ва савдо мажмуалари фаолияти билан ҳам танишган. Шу ернинг ўзида сайёҳлик соҳасида истиқболда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинган.

Жумладан, Тахтакўпир туманида Қоратеренг кўли, Хонобод туманида сунъий кўл, Хатирчи туманида “Кўксарой” сув омбори, Поп туманида Арашан кўли, Нуробод туманида “Собирсой” ва Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон” сув омборлари атрофида ҳам йирик туризм мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган.

Бу каби лойиҳалар мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади.
Live
Барчаси