Навоийда ноқонуний олтин қазиб олган шахс ушланди (видео)
3-саҳифа
−
27 Апрель 2658 2 дақиқа
Навоийда давлат муҳофазасига олинган ер майдонида ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланган шахс аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 1986 йилда туғилган шахс уч йил олдин Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида археология ёдгорлиги моддий меросининг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган “Сармишсой” дараси тоғ тизмаси ҳудудидан олти гектарга яқин ер майдонини аукцион орқали сотиб олган.
Аниқланишича, у мазкур жойда таркибида олтин моддаси бўлган маданий тошларни 19 нафар ишчи ёллаб, қўлбола усулда қазиб олган. Сўнг уларни қайта ишлаб, қимматбаҳо олтин заррачалари ҳосил қилган.
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор қидирув хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида тилла цехида 6 кг таркибида олтин моддаси бўлиши мумкин бўлган қум ҳолатдаги ярим тайёр маҳсулот, 1 кг 400 гр кимёвий кукун моддалари, олтин моддасини эритишга мослаштирилган идишлар ҳамда қурилмалар далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Яна тўрт дона юк автомашинаси ва тўрт дона юкловчи трактор текшириб кўриш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат бўйича давлат манфаатларига ва археология ёдгорлиги моддий меросининг кўчмас мулк объектларига етказилган зарарнинг умумий қиймати 111 миллиард 489 миллион 672 минг сўмни ташкил қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 196-2-моддаси (фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда давлат захирасидаги ерларда таркибида олтин бўлган рудаларни қазиб олиб, кимёвий қайта ишлов бериш билан шуғулланган бир гуруҳ шахсларнинг ҳаракатлари фош этилганди.
Шаҳзода Шукуруллаева
Live
БарчасиИсроил Президенти Қозоғистонга келди
27 Апрель