Дунёда очликдан азият чекаётганларнинг 2/3 қисми 10 та давлатда яшайди
Бу қизиқ
−
25 Апрель 6380 2 дақиқа
Дунёдаги очликдан азият чекаётганларнинг учдан икки қисми атиги 10 та давлатда яшайди. Бу ҳақда БМТ агентликлари, Европа Иттифоқи ва уларнинг ҳамкорлари томонидан тайёрланган янги ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, озиқ-овқатнинг ҳалокатли даражада етишмовчилигидан азият чекаётган инсонларнинг учдан икки қисми атиги 10 та давлатда истиқомат қилади: Афғонистон, Бангладеш, Конго Демократик Республикаси, Мьянма, Нигерия, Покистон, Жанубий Судан, Судан, Сурия ва Яман.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда 47 та давлатда 266 миллион киши (ушбу мамлакатлар аҳолисининг қарийб тўртдан бири) озиқ-овқатнинг ўткир танқислигини бошидан кечирган. Бу 2016 йилдаги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўпдир.
Ҳужжат муаллифлари хавотирли манзарани чизмоқда: очлик энди қисқа муддатли фавқулодда вазиятлар тизими бўлмай, доимий, маҳаллийлашган глобал муаммога айланиб қолди.
Энг оғир зарба болаларга тўғри келмоқда. 2025 йилда 35,5 миллион бола ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чеккан бўлса, улардан қарийб 10 миллиони унинг ўта оғир шаклига дуч келган. Бу ҳолат уларнинг ҳаётига бевосита таҳдид солади ва ўлим хавфини кескин оширади.
“Қаттиқ озғинликка чалинган болалар вазнини кескин йўқотадилар. Уларнинг иммунитет тизими шу даражада заифлашадики, ҳатто оддий болалар касалликлари ҳам ўлимга олиб келиши мумкин”, дея огоҳлантирган UNICEF вакили Рикардо Пирес.
Ҳарбий можаролар инқирознинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда: оғир очлик ҳолатларининг ярмидан кўпи айнан урушлар ҳиссасига тўғри келади.
Инқироз кўлами оммавий миграция ҳисобига янада кенгаймоқда. 2025 йилда озиқ-овқат инқирози ҳудудларида 85 миллиондан ортиқ кўчирилган шахслар мавжуд эди. Қочқинлар ва ички кўчирилганлар тизимли равишда ўткир очликни бошдан кечирмоқда.
Офат кўлами катта бўлишига қарамай, ёрдам дастурларини молиялаштириш камаймоқда. Озиқ-овқат ёрдами учун ажратилаётган маблағлар ҳажми ўн йил олдинги даражага тушиб қолган, бу эса ҳукуматлар ва гуманитар ташкилотларнинг имкониятларини чеклаб қўймоқда.
Бу билан параллел равишда, “маълумотлар танқислиги” ҳам ўсиб бормоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ишончли ҳисоботларни тақдим эта оладиган давлатлар сони сўнгги 10 йил ичидаги энг паст даражага тушган. Бу эса очликнинг асл кўлами расмий баҳолардан анча юқори бўлиши мумкинлигини англатади.
2026 йил учун истиқболлар ҳам кўнгилдагидек эмас. Давом этаётган можаролар, экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва иқтисодий беқарорлик сабабли дунёда озиқ-овқатнинг критик танқислиги кузатилиши кутилмоқда.
Экспертлар, шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият туфайли жаҳон бозорларида юзага келган ларзалар билан боғлиқ янги муаммоларга ишора қилмоқда. Ушбу инқироз озиқ-овқат нархларининг янада ошишига ва етказиб бериш занжирларидаги узилишларга олиб келиши мумкин.
Live
БарчасиИсроил Президенти Қозоғистонга келди
27 Апрель