Энди тиланчилик қилган хорижликлар қувилади. Қирғизистонда!
Олам
−
25 Апрель 2375 2 дақиқа
Эндиликда Қирғизистонда тиланчилик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун хорижликлар мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақда кеча, 24 апрель куни мамлакат Президенти Садир Жапаров тасдиқлаган Маъмурий жавобгарликлар тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ташқи миграция тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунда сўз боради.
Унга кўра, хорижий фуқаролар Қирғизистонда бўлиш тартибини бузганликлари ёки кодекснинг 126-моддасининг 1- ва 2-қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликлари учун (қонунчиликда кўзда тутилган айрим истиснолар бундан мустасно) мамлакатдан чиқариб юборилади.
126-модданинг 1-қисмига кўра, йўл қатнов қисмида тиланчилик қилиш, шунингдек, жамоат жойларида пул ёки бошқа моддий бойликларни олиш мақсадида одамларни безовта қилганлар 20–30 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 суткагача қамоқ жазоси билан жазоланади. Ушбу ҳаракат бир ой ичида такрор содир этилса, 30–40 соат жамоат ишлари ёки 3–5 сутка қамоқ жазоси қўлланилади.
Қоидабузарлик хорижий фуқаро томонидан бир ой ичида такрор содир этилса, у мамлакатдан чиқариб юборилади. Шунингдек, шахс тиланчиликка мажбурлаш, таҳдид, жисмоний ёки руҳий зўравонлик сабабли қилган бўлса ёки у одам савдоси қурбони деб топилса, жавобгарликдан озод этилади.
Агар Қирғизистон фуқароси ушбу модда бўйича жавобгарликка тортилса, ички ишлар органлари унинг яшаш шароитларини ўрганиш ва зарур ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун тегишли маълумотларни ижтимоий ҳимоя органларига юбориши шарт.
126-модданинг 2-қисми эса тиланчиликка жалб қилиш билан боғлиқ. Унда кексалар, вояга етмаганлар, руҳий касаллиги бор шахслар, ҳомиладор аёллар ёки ногиронлиги бор шахсларни тиланчиликка мажбурлаш 200 ҳисоб кўрсаткичи – тахминан 20 минг қирғиз соми (тақрибан 3 млн ўзбек сўми атрофида) миқдроида жарима билан жазоланади. Агар бу ҳаракат хорижий фуқаро томонидан бир ой ичида такрор содир этилса, у мамлакатдан чиқариб юборилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистоннинг Сино туманида тиланчилик қилиб келган ва сарсон-саргардонликда яшаётган икки вояга етмаган бола онасидан олиб қўйилганди.
Live
БарчасиИсроил Президенти Қозоғистонга келди
27 Апрель