Санжар Каримовнинг адвокатлари блогер “Gonzo”ни судга киритмаслик талабини қўйди
3-саҳифа
−
24 Апрель 8027 2 дақиқа
Бугун, 24 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида тадбиркор, блогер “Real Sanjik” – Санжар Каримовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги очиқ суд жараёни бўлиб ўтди.
Суд аввалида, Каримовнинг адвокатлари томонидан “Gonzo” номи билан фаолият юритувчи блогер Гейдар Алиев Санжар Каримовга оид суд жараёнларини нохолис ёритгани, уни “машка-мошенник” деб атагани ҳамда адвокатлар катта пул эвазига уни ҳимоя қилаётганини кенг оммага айтиб, суднинг холис ва очиқлигига путур етказганини бонг ургани келтирилди ва эътироз билдирилди.
Шунингдек, суд томонидан мазкур суд жараёнлари оммавий ахборот воситаларига тўғридан-тўғри ёритилишига қисман чеклов (видеотасвирга олиш тақиқланган, бироқ аудио ва суратга олиш рухсат берилган) қўйилганига қарамай, у суд жараёнидан тўғридан-тўғри кадрлар олиб, ушбу тасвирларни ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган. Каримовнинг ҳимоячилари мазкур далилларни йиғма жилд қилган ҳолда, судга тақдим этиб, блогерни суд мажлисидан чиқариб юбориш тўғрисида илтимоснома киритди.
Суд мажлисида давлат айбловчиси Наврўзбек Сапаров кечиккани сабабли иштирок этмагани туфайли, раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев ажрим қилиш учун қисқа танаффус эълон қилди.
Орадан бироз вақт ўтгач, Наврўзбек Сапаров мажлисга етиб келди ва суд мажлиси давом эттирилди. Суд ажримига кўра, блогер “Gonzo” суд мажлисидан чиқариб юборилди. Шу билан бирга, бошқа оммавий ахборот воситаларига воқеаларни ҳаққоний ёритиш тавсия этилди.
QALAMPIR.UZ тез орада ушбу суд мажлисидан батафсил видеорепортажни тақдим этади. Кўрсатувни YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
Live
Барчаси